Монакодаги турар-жой кўчмас мулки — жаҳондаги энг қиммати ҳисобланади. 2016 йилда князликдаги иккиламчи бозор турар-жойларининг бир квадрат метри нархи ўртача 41,4 минг еврога баҳоланган. Сўнгги ўн йилда маҳаллий кўчмас мулк бозорида турар-жой баҳоси 180 фоизга ўсган. Savills компаниясининг материалларида айтилишича, бундай сезиларли ўсиш — ривожланган иқтисодиётга эга ҳудудлар учун кам кузатиладиган ҳодиса ҳисобланади.

Таҳлилчиларнинг маълумотига кўра, Монакода янги қурилган уйлардаги турар жойларнинг ўртача нархи 13,7 миллион еврога тенг. Иккиламчи бозорлардаги турар-жойлар нархи эса тахминан уч баробар арзон.

2016 йилда князликда 553та кўчмас мулк объектлари сотилган, уларнинг фақат 33тасигина янги қурилган уйлар ҳисобланади. Харидорлар бир йил ичида жами бўлиб 2,7 миллиард еврога турар-жой сотиб олишган.

Savills талқинига кўра, кўчмас мулк нархи энг баланд ҳудудларга яна Ҳонгконг (ўртача 1 квадрат метрига 39,1 минг евро), Токио (29,2 минг евро), Лондон (17,7 минг евро), Нью-Йорк (16,7 минг евро) киради.

2016 йилнинг кузида Монакода князликнинг энг баланд биноси — “Одеон минораси” (Odeon Tower) нинг энг юқорисида жойлашган пентҳауслардан бири савдога қўйилган. Осмонўпар бинонинг сўнгги беш қаватини эгаллаган квартира 335 миллион еврога баҳоланган — бу жаҳон кўчмас мулк бозорида қайд этилган рекорд натижа ҳисобланади.