Хитойда ишлаб чиқарилган биринчи йўловчи самолёти C919 5 майда илк парвозини амалга оширади, деб хабар бермоқда Shanghai Daily нашри.

Ўтган ҳафтада биринчи синов парвози май ойига белгилангани маълум қилинганди, бироқ аниқ сана айтилмаганди.

Шанхайнинг Shanghai ERC News Radio радиостанциясининг маълум қилишича, парвоз Шанхайдаги Пудан аэропортидан амалга оширилади. 

Аввалроқ C919 Пудан аэропортидаги учиш-қўниш йўлакчасида тезлик синовларидан ўтганди. Январь бошида самолётнинг синов парвозлари февралда бошланиши маълум қилинганди, бироқ белгиланган вақтда парвозлар амалга оширилмаган.

2016 йил ноябрида самолёт двигателининг синовлари якунланганди. Маълум қилинишича, самолётнинг барча техник синовлари 2017 йилда якунланади ва шундан кейин самолёт фойдаланишга топширилади. Шунингдек, самолёт тижорий фойдаланишга 3 йил давом этадиган синов парвозларидан кейин топширилиши маълум қилинганди.   

C919 авиалайнери тежамкор-синфдаги 158 кишилик магистрал самолёт лойиҳаси бўлиб, самолётнинг учиш узоқлиги 5,5 минг км ни ташкил қилади. Самолёт Хитойнинг COMAC корпорацияси томондан амалга оширилмоқда. Охирги маълумотларга кўра, корпорация 570 та бундай самолёт учун буюртма олган. Корпорация келажакда ҳаммаси бўлиб бу самолётдан камида 2 минг дона сотишни режалаштирган.