“Хотира ва қадрлаш куни” байрами арафасида UZINFOCOM Маркази томонидан Иккинчи жаҳон уруши фахрийлари ва иштирокчилари хотирасига бағишланган Xotira.uz сайти ишга туширилди. Xotira.uz сайтида уруш майдонида жанг қилган ватандошларимиз фотосуратлари, уларнинг жасоратлари тўғрисидаги тарихий маълумотлар ҳамда Хотира ва қадрлаш куни байрами тўғрисидаги янгиликлар ўрин олган.

Илк маротаба бугунги кунда ҳаёт бўлган даҳшатли уруш иштирокчилари ва қаҳрамонлари исмлари ягона ресурсда умумлаштирилган бўлиб, мазкур ресурс ҳар бир уруш фахрийси, мукофот ва жасоратлари тўғрисидаги маълумотлари билан бойитилган.

Шу билан бирга, Иккинчи жаҳон уруши иштирокчилари тўғрисида ахборотга эга бўлган Интернет тармоғи фойдаланувчилари сайтда келтирилган “Жасорат ҳақида ёзиш” хизмати орқали сайт маъмуриятига улар тўғрисидаги маълумотлар ёки фотосуратларни Xotira.uz сайтига жойлаштириш учун юборишлари мумкин. Ушбу хизмат орқали фойдаланувчилар урушда қатнашган қариндош, маҳалладош ёки танишларнинг ҳикоялари билан бўлишишлари мумкин.

Шунингдек, Xotira.uz сайтида Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган умумхалқ #xotirauz хештегини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Камолот” ЁИҲ томонидан бепул тарқатилаётган 9 май ва Ўзбекистон байроғи рамзи туширилган махсус лента ва стикерларнинг тарқатилиш манзиллари рўйхати келтирилган.

Ўз навбатида, Хотира ва қадрлаш куни байрами муносабати билан UZINFOCOM Марказининг ZiyoNET таълим тармоғи Ресурс маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, “Камолот” ЁИҲ кўмагида жорий йилнинг 19 апрелидан 19 майигача Иккинчи жаҳон урушида иштирок этган бобо ва бувилари, қариндошлари жасоратлари тўғрисидаги энг яхши иншолар танлови ўтказилмоқда. Ушбу танлов ёрдамида ёшлар ўз бобо ва бувиларининг урушдаги иштироклари тарихи билан яқиндан танишиб чиқиш ва юртимиз фахрийлари бўйича ягона маълумотлар базасини шакллантиришда ўз ҳиссаларини қўшиш имкониятига эга бўладилар. 

Танлов ғолиблари қуйидаги қимматбаҳо совғалар билан тақдирланадилар: смартфон, мобиль телефон ва акустик қурилма.