Ироқнинг террорчилардан қисман озод қилинган Мўсул шаҳрини тиклаш учун камида 5 йил вақт ва миллиардлаб доллар пул талаб қилинади, деб маълум қилди Ироқ ҳукумати вакилига иқтибос келтирган ҳолда Reuters ахборот агентлиги. 

Ироқлик ҳарбийлар ва АҚШ бошчилигидаги коалиция Мўсулни озод қилиш бўйича операцияни давом эттирмоқдалар. Март ойида ҳукумат кучлари шаҳарда террорчилар тўлиқ қуршаб олингани ва уларнинг Суриядаги жангарилар билан алоқалари узиб қўйилганини маълум қилгандилар. Ироқлик ҳарбийлар Мўсулнинг ғарбий қисмининг учдан икки қисмини назоратлари остига олишганини маълум қилишмоқда.

Ахборот агентлиги маълумотларига кўра, жанговар ҳаракатлар оқибатида шаҳар аэропорти, темир йўл вокзали ва университет тўлиқ вайрон бўлган. 

"Мўсул озод қилингандан кейин бизда барчаси террорчилар 2014 йилда шаҳарни босиб олгунларигача бўлган ишчи ҳолатга қайтариладиган тиклаш режаси бўлиши керак", деб айтди Найнава вилояти раҳбарияти вакили Нуриддин Каблан.

Кабланнинг айтишича, Мўсулни тиклаш бўйича дастлабки режалар тузилмоқда, бироқ молиялаштириш масаласи кескин турибди. Бу режаларга кўра, Мўсул озод қилингандан кейин илк ярим йил хавфсизликни, сув ва энергия таъминотини тиклашга ва кўчиб кетган одамларни уйларига қайтарилишига кетади. Бундан кейин тиклаш ва ярашув жараёни бошланишига кетадиган 2 йиллик давр келади. Кейинги 30 ой эса инвестициялар излаш ва иқтисодиётни тиклашга кетади. Кабланнинг маълум қилишича, дастлабки тиклаш ишларининг нархи бир уйга 5 минг долларни ташкил қилади.   

"Ростини айтганда, биз етарлича кўмак олмаяпмиз. 2017 йилда Найнавага 44,5 млн доллар ажратилган, бу эса бундай ўлчамдаги вилоят учун жуда оз", деб айтди Каблан ва вилоят раҳбарияти БМТ, халқаро ёрдам гуруҳлари ва дўстона давлатлар билан музокаралар олиб бораётганини қўшимча қилди. Мисол учун, Италия шаҳардаги шифохоналардан бирини тиклашга кўмак кўрсатмоқда.