Бугун 3 май куни Қозоғистон пойтахти Остона шаҳри Сурия бўйича икки кунлик халқаро музокараларга мезбонлик қилади. Музокаралар ёпиқ эшиклар ортида икки томонлама маслаҳатлашувлар бошланади, деб хабар қилмоқда РИА Новости. 

Эслатиб ўтамиз, Остонада Сурия муаммосига бағишланган уч босқич музокаралар 23-24 январь, 15-16 февраль ва 14-15 март кунлари муваффақиятли бўлиб ўтганди. Уларнинг асосий натижаси Сурияда ўт очишни тўхтатишни мониторинг қилиш бўйича қўшма оператив гуруҳ низомини келишиб олиш бўлди. 

Май ойи музокараларининг эътиборли жиҳати қуролланган мухолифат вакилларининг иштирок этиши бўлиши лозим эди. Улар музокараларнинг учинчи босқичида иштирок этишдан бош тортишган эди. РФ ва Қозоғистон ташқи ишлар вазирликлари мухолифат вакиллари тўртинчи босқич музокараларда қатнашишига умид билдирганди. 

Қозоғистон ТИВ маълумотларига кўра, Сурия қуролланган мухолифати делегацияси Муҳаммад Аллуш етакчилигида Остонага етиб келган. Делегациядан 16та турли гуруҳлар вакиллари ўрин олган. Сурия ҳукуматининг делегацияси мамлакатнинг БМТдаги доимий вакили Башар Жаъфарий раҳбарлигида 1 май куни кечқурун Остонага етиб келган. 

Шу билан бирга, янги музокараларда АҚШнинг кузатувчи мақомида қатнашиш даражаси оширилганини алоҳида таъкидлаш керак. 

"АҚШ делегацияси раҳбари сифатида илк маротаба АҚШ давлат котибининг Яқин Шарқ ишлари бўйича ёрдамчиси Стюарт Жонс қатнашади", — дейилади Қозоғистон ТИВ хабарида. 

Булардан ташқари, Остона музокараларида БМТ бош котибининг Сурия бўйича махсус элчиси Стаффан де Мистура ҳамда Иордания ташқи ишлар вазирининг сиёсий масалалар бўйича маслаҳатчиси  Науаф Васфи ҳам келади. Иордания ҳам АҚШ каби кузатувчи мақомида. 

Қозоғистон ТИВ хабарига кўра, Суриядаги сулҳ кафолатлари бўлувчи давлатлар ўзларининг энг юқори лавозимли вакилларини юборишган. Россия делегациясига президент Путиннинг Сурия бўйича махсус вакили Александр Лаврентьев, Туркия вакилларига ташқи ишлар вазирининг Яқин Шарқ масалалари ва Африка бўйича ўринбосари Седат Ўнал, Эрон делегациясига ташқи ишлар вазирининг араб-африка ишлари бўйича ўринбосари Ҳусайн Жабарий Ансорий раҳбарлик қилади. 

Сурия мухолифатидаги манбанинг сўзларига кўра, Россия томони Сурияда кескинликни пасайтириш бўйича 4та ҳудуд ташкил этишни таклиф этмоқда. Булар Идлиб вилояти, Хомс шаҳридан шимолий ҳудудлар, Шарқий Гуте ва мамлакат жанубида шундай махсус ҳудудлар ташкил этилиши мумкин. 

Бундан ташқари, Россия лойиҳасида кафолат бўлувчи мамлакатлар ҳарбийларини жанговар ҳаракатларни тўхтатишни кузатиш бўйича юборишга рухсат беришни кўзда тутади.