Россия президенти Владимир Путин ва АҚШ раҳбари Дональд Трампнинг телефон мулоқоти тахминан 30 дақиқа давом этди, деб хабар бермоқда Wall Street Journal газетаси ўз номини ошкор этмаган америкалик амалдорга асосан.

Путин ва Трамп телефон орқали сешанба куни кечқурун суҳбат қуришган. Унинг давомида РФ ва АҚШ раҳбарларининг Ҳамбург шаҳрида шу йилнинг 7-8 июль кунлари бўлиб ўтадиган G20 йиғилиши вақтида шахсан учрашиши масаласи ҳам муҳокама қилинган.

"Телефон мулоқоти тахминан 30 дақиқа давом этди, у Путин ташаббуси билан ўтказилди", - дея ёзади нашр амалдорга асосан. Таъкидланишича, суҳбат жараёнида қайсидир масала бўйича жиддий келишувга эришилмаган.

NBC телеканали Миллий хавфсизлик кенгашининг Оқ уйдаги вакили Майкл Энтонга асосан хабар қилишича, шахсий учрашув борасида аниқ бир тўхтамга келинмаган.

Энтон президентлар эҳтимолий шахсий учрашув имкониятини муҳокама қилишганини тасдиқлади, бироқ унинг таъкидлашича, бу борада аниқ фикрга келишмади, ҳамда муҳокама ходимлар даражасида давом этади.

Шунингдек, РФ ва АҚШ раҳбарлари “КХДРдаги жуда хавфли вазиятни қандай қилиб ижобий ҳал қилиш мумкинлиги” борасида ҳам фикр алмашишган. 

"Улар КХДРдаги жуда хавфли вазиятни қандай қилиб ижобий ҳал қилиш мумкин экани ҳақида ҳам суҳбат қуришди", - дейилади Оқ уйнинг бу борадаги баёнотида.