Россия Марказий сайлов комиссияси котиби Майя Гришина мухолифатчи Алексей Навальнийнинг ўз номзодини сайловларда қўя олмаслигини баён қилди. У Киров области суди «Кировлес» иши бўйича жиноий ҳукм чиқарилганлигини қонуний деб топганидан сўнг шундай шарҳ бериб ўтган, деб хабар беради ТАСС.

«Алоҳида бир шахсга нисбатан эмас, РФ фуқаролари оғир ва ўта оғир жиноятлар учун озодликдан маҳрум этилган бўса, сайловда овоз бериш кунигача кўрсатиб ўтилган жиноятлар учун олиб ташланмаган ёки ўтаб бўлинмаган судланганликка эга бўлишса сайланиш ҳуқуқига эга бўлишмайди», — деган у.

Навальный Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 160-моддаси, 4-қисми («Ўзлаштириш ва растрата») билан судланган ва 10 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Бу жиноят оғир жиноятлар турига киради.

3 май, чоршанба куни Киров области суди Ленин райони суди томонидан Алексей Навальний ва Пётр Офицеров (ишнинг иккинчи фигуранти) га нисбатан чиқарилган ҳукмни ўз кучида қолдирган.

Гришина эса федерал қонунчилик қоидалари («Президент сайлови ҳақида»ги қонунинг 3 моддаси 5.3 банди) ҳақида гапирган. Мухолифатчининг ўзи конституция унга сайланиш ҳуқуқини беради, деб ҳисоблайди. Унга кўра, суд томонидан ҳуқуқий муомалага лаёқатсиз деб топилган ва озодликдан маҳрум этиш жойларида бўлганларгина сайлана олишмайди. Сиёсатчи конституцион суд унинг сайловда қатнашишига тўсқинлик қилувчи меъёрнинг мамлакатнинг асосий қонунига мос келмаётганлигини тан олишига эришиши мумкин. Бундан ташқари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди (ИҲЕС) Россия судининг такрорий ҳукмини яна ноқонуний деб топиши, эҳтимоли ҳам бор.

Навальний ва Офицеровнинг ҳимоячилари Россия Олий судига мурожаат қилиб ўтирмасдан суд ҳукмини Страсбургда қайта кўриб чиқиш учун мурожаат қилишларини билдирган.

2017 йил февралида Ленин райони суди Навальнийни «Кировлес» давлат корхонасининг мулкини ўзлаштиришни ташкиллаштирганлиги учун беш йил, Офицеровни шериклик учун тўрт йил шартли қамоқ жазосига ҳукм қилган эди. Сиёсатчи ва ишбилармон яна 2013 йилда ҳукм қилинган муддатларга жазоланишган (ўшанда аввалига уларга ҳақиқий жазо белгиланиб, кейин у шартлисига алмаштирилган эди). Суд дастлабки ҳукм чиқарилганидан буён уч йил ўтганини ҳисобга олгани учун, Навальнийнинг жазо муддати 2018 йилнинг августида тугайди.

2013 йилги ҳукм Россия Олий суди президуми томонидан ИҲЕС томонидан судланувчиларнинг ҳуқуқи бузилганлиги ҳақидаги қароридан сўнг бекор қилинган эди. Ишни эса яна қайта кўришга юборишган. Сиёсатчи яна бир иш — «Ив Роше» бўйича ҳам 3,5 йил шартли жазо муддатига судланган.

Навальний 2018 йил баҳорда бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида қатнашиш истагини бот-бот такрорлаб келади.