Ҳайдовчисиз автомобиллар ишлаб чиқариш пойгасида янги ўйинчи пайдо бўлди — Samsung. 

Корпорация яқиндагина автопилот функцияли автомобилни Жанубий Корея йўлларида синовдан ўтказиш учун рухсатнома олди. Синовларнинг ўтказилиши ўзи бошқариладиган автомобилларнинг турли тўсиқлар ва об-ҳаво инжиқликларига қандай бардош беришини кўрсатиб беради. 

Samsung — автоматик бошқарув тизимига эга автомобилларни синаш учун рухсатнома олган илк электроника ишлаб чиқарувчи компания ҳисобланади. Илгари Жанубий Корея ер, инфратузилма ва транспорт вазирлиги бундай синовларга фақат Hyundai ва Kia компанияларига, шунингдек, академик ва тадқиқот идораларига рухсат берган. 

Samsung ҳеч қачон автоматик бошқариладиган автомобиль саноатига ўзининг қизиқишини сир тутмаган. 2015 йил охирларида корпорация доирасида автомобилни мухтор бошқариш технологияларига асосланган махсус бўлинма тузилган эди. 2016 йилнинг ноябрида компания ақлли автомобиллар учун таркибий қисмлар ва дастур таъминоти ишлаб чиқарувчи Американинг Harman фирмасини қабул қилишга 8 миллиард доллар сарфлаган. Ниҳоят, февраль ойида Samsung TetraVue компаниясига инвестиция киритган: у мухтор бошқарилувчи автомобиллар олдидаги хавфли тўсиқларни аниқлаб берувчи 3D-технологияни ишлаб чиқаради. 

Бироқ Samsung ўзининг автомобилларини ишлаб чиқариш билан шуғулланмайди: компания фақат мухтор бошқарув технологиясига диққат қаратади. Кутилишича, дастлабки синовлар учун Жанубий Кореянинг Hyundai концерни автомобилларидан фойдаланилади.

Samsung’дан ташқари ҳайдовчисиз бошқариш технологиялар билан Google, Apple ва Baidu каби гигантлар, ҳамда анъанавий автоишлаб чиқарувчилар GM ва Ford, шунингдек, Uber ва Didi стартаплари шуғулланишмоқда.