2017 йил 10-12 май кунлари пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” Миллий кўргазмалар мажмуаси, 1-павильонида X Республика инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ярмаркаси бўлиб ўтади. Бу ҳақда Кун.uz’га Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлиги матбуот хизмати хабар берди.

Ярмарканинг асосий мақсади – илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги кооперацион алоқани таъминлашдан иборат бўлиб, корхоналар, илмий ташкилотлар ва олий таълим муассасалари ўртасида ўзаро манфаатли, ҳар томонлама муносабатларни ўрнатиш имкониятларини юзага келтиришдир. 

X Республика инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ярмаркасида инновацион ишланмалар 5 та йўналиш бўйича намойиш этилади. 

1.  “Саноат” йўналиши бўйича жами 128 та ишланма, жумладан, нефть-газ, кимё, тоғ-кон саноати, пахтани қайта ишлаш тармоғи ҳамда тадбиркорлар ва кичик бизнес учун тақдим этилади. 

2.  “Ахборот технологиялари” йўналиши бўйича республика олий ўқув юртлари ҳамда ахборот технологиялари марказлари томонидан кенг доирадаги истеъмолчилар учун 75 та янги ишланма ва дастурий маҳсулот намойиши ўтказилади. 

3.  “Соғлиқни сақлаш ва фармацевтика” йўналиши бўйича касалликларни даволашнинг янги усуллари ва замонавий технологиялари, кекса ёшдаги аҳоли, шунингдек, оналар ва болалар соғлигини мустаҳкамлаш, касалликларнинг олдини олишга йўналтирилган янги ёндашувлар акс этган 66 та ишланма тақдим этилади. 

4.  “Қишлоқ хўжалиги” йўналиши бўйича Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, қайта ишлаш тармоғи, озиқ-овқат саноати корхоналари ҳамда фермер хўжаликлари эътиборига 87 та янги ишланма намойиш қилинади. Давлат илмий-техника дастурлари ва лойиҳалари доирасида ишлаб чиқилган ва тайёрланган 20 га яқин қишлоқ хўжалик техникаси ва ускунасини намойиш этиш режалаштирилмоқда. 

5.  “Фан ва таълим” йўналиши стендларида таълим, ёш авлодни тарбиялаш соҳасида кейинги йилларда эришилган ютуқлар, ҳорижий тилларни ўргатишга доир янги дастурлар, дарсликлар ва илғор педагогик технологияларни қамраб олган 12 та ишланма тақдим этилади. 

Ундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Ўзбекистон академиклари ва етакчи олимлари билан учрашувда қўйилган вазифалардан келиб чиқиб, устуворлик иқтисодиёт соҳаларининг аниқ муаммолари ечимига қаратилган инновацион технологияларга берилади. Айнан шу мақсадларда “Жорий қилинган инновацион ишланмалар” йўналиши ташкил этилди. Ушбу йўналишда ишлаб чиқарувчи йирик корхоналарда илғор инновацион технологиялар асосида серияли ишлаб чиқарилаётган 62 та маҳсулот тақдим этилади. 

Х Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар Республика ярмаркасида ёш олимлар, тадқиқотчилар, талабаларнинг ўз илмий ва амалий ишланмаларини намойиш этишлари учун кенг имкониятлар яратилади. Хусусан, ярмаркада ёш олим ва талабаларнинг 100 та ишланмасининг тақдимоти ўтказилади. Ярмарка доирасида III Тошкент халқаро инновацион форуми бўлиб ўтади.