Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов Шавкат Мирзиёевни "Аваза" миллий сайёҳлик зонасига ташриф буюриш ҳамда шиддат билан ривожланаётган денгиз курорти имкониятларига баҳо беришни таклиф қилди. Туркманистон Давлат ахборот агентлиги хабарига кўра, 1 май куни Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳаммедов ўртасида бўлиб ўтган телефон мулоқотида Туркманистон президенти шундай ташаббус билан чиққан. 

Шунингдек Туркманистон раҳбари Каспий денгизи соҳилида жойлашган соғломлаштириш марказлари, коттеж мажмуалари ва ҳашаматли меҳмонхоналар  ўзбекистонликларга хизмат кўрсатишга тайёр эканини  билдирди. Денгизнинг йод, бром каби микроэлементларга бойлиги, ҳудуд ҳавосидаги фойдали фитонцидлар инсон саломатлиги учун муҳим экани алоҳида қайд этилди. 

Бундан ташқари, Гурбангули Бердимуҳаммедов Шавкат Мирзиёевга Болқон вилоятида ҳудудни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишишни таклиф қилди.

Шавкат Мирзиёев Гурбангули Бердимуҳамедовнинг Туркманистонга ташриф ҳақидаги таклифини қабул қилган ва ташриф санаси дипломатик йўллар орқали келишилиши таъкидланган, дейилади Туркманистон президенти матбуот хизматида.