Интернетда «Урал» ва «Локомотив» жамоалари футболчилари ўртасида Россия Кубоги учун кечган баҳс якунида рўй берган оммавий муштлашув тасвирлари пайдо бўлди.

Ўйиннинг иккинчи бўлимига қўшиб берилган дақиқалар давом этаётган вақтда (бу вақтда москваликлар жамоаси 2:0 ҳисобида олдинда эди) майдонда муштлашув бошланиб кетди.

Кейинроқ жанжаллашаётганлар ажратилган ва ҳакам асосий айбдорларга қизил карточкалар кўрсатган: «Урал» сафидан Артём Фидлер ва Эдгар Манучарян, «Локомотив» таркибида Жефферсон Фарфан ва Ари майдондан четлатилган.

Р-Спорт хабарига ўйин якунида икки жамоа мухлислари ўртасида ҳам трибуналарда можаро рўй берган. Зиддият полиция аралашуви орқали бартараф этилган, жароҳатланганлардан бири шифохонага етказилган.

Сочидаги «Фишт» стадионида кечган учрашувда москваликлар жамоаси екатеринбургликлар жамоасини 2:0 ҳисобида мағлуб этиб, Россия кубоги эгасига айланди.