Американинг Apple корпорацияси АҚШда технологиялар соҳасида иш ўринларини яратиш мақсадида жамғарма ташкил этади, унга 1 млрд. АҚШ доллари миқдорида маблағ киритилади. Бу ҳақда компания раҳбари Тим Кук CNBC телекомпанияси журналистларига берган интервьюсида маълум қилган.

"Биз АҚШда технология соҳасида иш ўринларини кўпайтириш ниятидамиз. Шуни мамнуният билан хабар қиламанки, технологик ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун жамғарма ташкил этаяпмиз. Аввалига унга 1 млрд. доллар маблағ киритилади", - деган Кук. 

Унинг айтишича, Apple вакиллари кўрсатилган фонддан маблағ оладиган компаниялар билан маслаҳатлашувлар ўтказган. Гап аниқ қайси фирмалар ҳақида кетаётгани номаълум. Тадбиркорнинг ишонтиришича, бу соҳада янги иш ўринларини яратиш бошқа соҳаларнинг ривожига ҳам туртки беради. Буларнинг бари, Кукнинг сўзларига қараганда, иқтисодиёт учун узоқ муддатли ижобий эффект келтиради.

Apple 1976 йилда ташкил этилган бўлиб, iPhone смартфонлари, MacBook ноутбуклари, iMac компьютерлари, шунингдек кўплаб бошқа техника ишлаб чиқаради. Корпорациянинг бозордаги қиймати 750 млрд. долларга тенг.