Чилонзор туманида психотроп модда сотишга вояга етмаган фарзандини жалб қилган аёл қўлга олинди.  Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Юнусобод бўлими катта инспектори Исломжон Турсунов хабар қилди, деб ёзмоқда 24post.uz.

Қўлга тушган шахс Чилонзор тумани 20-мавзесида “лирика” психотроп моддасини ноқонуний равишда сотган. Аёл бу ишга ўзининг вояга етмаган ўғлини ҳам жалб қилган. Ўғли рюкзагига дори воситаларини солиб олиб чиқиб сотаётган вақтида ушланган.  Рюкзак ичидаги дори воситалари текширилганда, психотроп ва гиёҳванд моддаларга тенглаштирилган қатор кимёвий моддалар, хусусан, “лирика” дори воситаси борлиги аниқланган.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Юнусобод бўлими ходимлари Чилонзор туманидаги 200- умумтаълим мактабнинг ўқувчилари ҳамда ота-оналари билан ушбу жиноят хусусида суҳбат уюштириб, тушунтириш ишлари олиб борди.

Мулоқот чоғида ушбу ҳудудда истиқомат қилувчи фуқаро вояга етмаган ўз фарзандини жиноят йўлига бошлагани ва бу орқали жамиятга етказган маънавий зарари ҳақида сўз юритилди. Психотроп ва гиёҳванд моддаларга тенглаштирилган кимёвий моддаларни катта миқдорда олиб кириш, сотиш ва шу орқали ёшларни зарарли одатларга кўникма ҳосил қилдириш катта жиноят эканлиги таъкидланди. Айбдор фуқаронинг хатти-ҳаракати қораланди.