Эркин электронларда ишловчи дунёдаги энг йирик лазер XFEL ўзининг биринчи рентген нурини отди. Бу ҳақда Германиядаги DESY тадқиқот маркази хабарида маълум қилинди.

XFEL Германияда 6-38 метр чуқурликдаги ер ости туннелида жойлашган. Унинг узунлиги 3,4 км ни ташкил қилади. У рентген диапазонида синхротрон нурланишни генерация қилади. Бу нурни ёруғлик тезлигига яқин тезликкача тезлаштирилган электронлар чиқаради. 

2,1 км лик чизиқли тезлаштиргич туннелга ўтувчи электронларни тезлаштиради. Бу туннелда 17 мингтадан кўпроқ магнит бор. Улардан фазода ўзгарувчан кўндаланг магнит майдонини яратувчи қурилмалар – ондуляторлар ташкил топган. Уларда ҳаракатланувчи зарралар тебранишни бошлайди ва ҳар бир ҳаракатда юқори энергетик фотонлар чиқаради. Фотонлар рентген нурлар тутамига бирлашади ва улар электрон ондулятор бўйлаб ўтиши сайин кучаяди.  

XFEL синовлар вақтида сониясига бор-йўғи бир импульс ишлаб чиқарган, бироқ йил охиригача бу қиймат сониясига 27 минг импульсгача оширилмоқчи. Лазер ўзи чиқарадиган нурланишнинг ёрқинлиги бўйича мавжуд аналогларини ортда қолдиради.