2017 йил 4 май куни  Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги идорасида ОАВ вакиллари интирокида пресс-конференция ташкил этилди. Тадбирда ЕИ Ўзбекистондаги элчиси Эдуардс Стипрайс ўзининг баёноти билан иштирок этди. 

Элчи анжуман давомида Европа Иттифоқи ҳамда Ўзбекистон ўртасидаги алоқларга батафсил тўхталиб ўтди ва мамлакатда амалга оширилаётган ҳамкорликдаги лойиҳалар билан таништирди. 

“Ўзбекистон ҳукумати билан сиёсий муносабатлар жадал суръатда ўсиб бораётганини алоҳида қайд этиш лозим. Бунга 2016 йилнинг октябридан бери мамлакатингиздаги турли вазирликлар ва давлат идоралари  ҳамда ЕИ расмий вакиллари иштирокида кузатиб келинаётган узлуксиз учрашувлар яққол мисол бўла олади. 
Европа Иттифоқи яқинда қабул қилинган 2017-2021 йиллардаги бешта устувор йўналишларда Ўзбекистон Республикасининг ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегиясини, шунингдек, Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги турли ҳамкорлик дастурларига катта қизиқиш билдиради. Мазкур ҳужжатда сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишга қаратилган аниқ лойиҳа ва дастурларни молиялаштириш орқали уларни қўллаб-қувватлашга тайёр”, - дейди ЕИ элчиси Эдуардс Стипрайс .

Шунингдек, элчи ўз нутқи давомида ЕИ ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик борасида ҳам атрофлича тўхталиб ўтди. Маълум бўлишича, 2016 йилда икки томонлама савдо айирбошлаш 1 млрд 800 млн еврони ташкил этган. ЕИ ўз навбатида, Хитой, Россия ва Қозоғистондан сўнг тўртинчи ўринни эгаллаган ҳолда Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ҳамкорлари бешлигига кирди.