Халқаро баскетбол федерацияси (ФИБА) спортчи аёллар ташқи қиёфасига оид қоидаларни ўзгартирди ва мусобақаларда ҳижобда иштирок этишга рухсат берди.

"Би-би-си" тарқатган хабарга кўра, янги қоидалар тасдиқланиб бўлган ва 1 октябрдан кучга киради.

"Янги қоида қабул қилинди, сабаби баъзи давлатлардаги анъанавий дресс-кодлар бошни ёпиб юришни талаб қилади, бу аввалги қоидаларга мос эмасди", - дейилади ФИБА баёнотида.

Бу масала бўйича энг йирик можаро 2014 йилда юз берганди. Ўшанда Қатар аёллар терма жамоаси Осиё ўйинларида иштирок этишдан бош тортган, сабаби уларга ҳижобларда ўйнашга рухсат беришмаган.

Аввалроқ, Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) диний сабабларга кўра аёлларга бошини ёпган ҳолда ўйнашга рухсат берди.