Испанияда «Барселона»нинг бразилиялик ҳужумчиси Неймар устидан янгидан суд жараёни бошланди. 

As тарқатган хабарга кўра, футболчининг трансфери билан боғлиқ иш бўйича унинг ўзидан ташқари, отаси, «Барселона» президенти Хосеп Мария Бартомеу ҳамда жамоанинг собиқ президенти Сандро Россел ҳам суд олдида жавоб беради.

Прокуратуранинг даъво қилишича, юқорида номи келтирилган томонлар Неймарнинг трансфер ҳуқуқининг 40 фоизига эгалик қилган DIS инвестиция компаниясини алдаган. 

2013 йилда Неймар «Сантос»дан «Барселона»га трансфер қилинганида компания ўзига тегишли улушни ололмаган. Компаниядагиларнинг билдиришича, уларга трансфердан тушган пулнинг 40 фоизи берилмаган. 

Дастлаб, Неймарнинг трансфер нархи 57 млн евро деб эълон қилинган, кейинроқ эса, бу нарх кескин камайтириб кўрсатилгани аниқланган.  Айни пайтда, «Барселона», «Сантос» ва Неймарнинг отасига тегишли компания фирибгарликда айбланмоқда.

Бу ишни олиб бораётган Испания прокуратураси Неймарни 10 млн евро жаримага тортиб, унга 2 йиллик қамоқ жазоси, унинг отаси ва онасига мос равишда икки ва бир йиллик, Росселга 5 йиллик қамоқ жазоси сўрамоқда. Айбловчилар «Барселона» ва «Сантос»га ҳам 8,4 млн ҳамда 7 млн евро миқдорида жарима солишни талаб этмоқда.

Неймар - муттаҳамми? «Барселона» юлдузини суд кутмоқда