Асрор Ғаффоров (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳали уйланмаган бўлишига қарамай, оиласига моддий кўмак бериш мақсадида якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтиб, иш бошлади. Наманган шаҳридаги “Сардоба” бозори ичидан савдо растаси олиб, ўз фаолиятини бошлаб юборди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Табиийки, у амалдаги савдо-сотиқ қоидаларига амал қилиб ишласа, фаолияти қўллаб-қувватланиб, шунга яраша фойда ҳам олар эди. Бироқ у эгриликни маъқул кўрди. 2016 йил май ойида Баҳодир исмли шахс билан танишиб қолади. Янги таниши ўз хонадонидаги яширин цехда чигитдан пахта ёғи олиб, уни яширинча сотиб, даромад топаётган экан. Иккисининг тил бириктириши қийин кечмади. Сабаби, уларнинг нияти бир – қандай йўл билан бўлмасин, тез ва кўп пул топиш эди.

Хуллас, Баҳодир арзон нархда пахта ёғи етказиб берадиган, А.Ғаффоров эса харидор топиб, юртимиздаги таниқли ёрлиқлар остида ёғни ўтказадиган бўлди. Албатта сотувчи йигит ҳам бу келишувдан яхшигина фойда олар эди. Бироқ улар сотаётган ёғ истеъмолга яроқсиз эканини, минг-минглаб инсонларнинг соғлиғини жиддий хавфга қўяётганликларини ўйлаб ҳам кўришмади. Аксинча, келаётган даромаднинг “чўғи”дан маст эдилар.

Ана шундай кунларнинг бирида А.Ғаффоровга чустлик мижози Саид қўнғироқ қилиб қолди.

-  Ука, менга яна пахта ёғи керак. Топса бўладими?

-  Бўлганда қандоқ! “Идеальное”дан қилиб берайми, литри олти мингдан...

А.Ғаффоров Саиднинг илтимосига кўра, таниш ҳайдовчи орқали 320 дона 1 литрли пахта ёғини у айтган ёрлиқ билан қадоқлаб, бериб юборди. Ҳайдовчи унга 1 млн. 920 минг сўм пул олиб келиб бериши керак эди. Аммо у кутганидек бўлмади. Сабаби, ҳайдовчи у юборган маҳсулотни “ўз эгаси”га топширишга улгурмай қўлга тушган эди. Савдо қилинаётган раста ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан текширилиб, истеъмолга яроқсиз ва қўлбола усулда тайёрланган 0,9 литр ҳажмли 441 та пластмасса идишлардаги 1 млн. 543 минг сўмлик “Идеальное” номли, шунингдек, турли ҳажмдаги 5 турдаги 884 минг сўмлик ва 6 турдаги 2 млн. 595 минг сўмлик маҳсулотлар ҳужжатлаштириб олинди.

Вилоят ДСЭНМнинг хулосасига кўра, чигитдан олинган жами 3 млн. 463 минг сўмлик ёғ маҳсулоти истеъмол учун яроқсиз ва инсон ҳаёти учун хавфли экани маълум бўлди.

Суд томонидан А.Ғаффоровга 39 млн. 72 минг сўм жарима жазоси тайинланди. Шунингдек, ашёвий далил сифатида олинган пахта ёғи қонуний тартибда йўқ қилинадиган бўлди.