4 май куни Тошкент шаҳридаги "City Palace" меҳмонхонасининг анжуманлар залида "Жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, коррупция ҳолатларининг олдини олиш бўйича фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш масалалари" мавзуида республика анжумани бўлиб ўтди. 

Тадбирда қатнашган "Кун.уз" ходимига кўра, унда бугунги кунда коррупция дунёнинг кўплаб мамлакатларидаги долзарб муаммолардан бири эканлиги таъкидланган. Коррупция чегара билмайди, у жамият ҳаётининг барча жабҳаларига, қадриятлар тизимига кириб бориб, одоб-ахлоқ меъёрларини бузади, эркинлик ва демократия тамойилларига, фуқароларнинг давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига бўлган ишончига путур етказади, давлатнинг иқтисодий ривожига тўсқинлик қилади. Шундай экан, коррупция ҳолатларини бартараф этмай, жамиятнинг барқарор ривожланиши қийин. 

Тақдим этилган маълумотларга кўра, 2017 йилнинг I чорагида бош прокуратурага коррупция ҳолатлари бўйича келиб тушган жами мурожаатлар сони 171 тадан иборат бўлиб, уларнинг қонуний ҳал этилиши таъминланган. Бу тоифадаги мурожаатларнинг 12 таси қаноатлантирилган, 96 тасига тушунтириш ишлари олиб борилган ва 28 таси ҳал қилинган, 22 та мурожаат муайян сабабларга кўра кўрмасдан қолдирилган ва 13 таси кўриб чиқилмоқда. Мазкур мурожаатлар бўйича 8 жиноий иш қўзғатилиши таъминланган.

Анжуманда қайд этилганидек, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабат қарор топтириш ўта долзарб масала бўлиб, гарчи уларни бажариш доирасида масъул идорлар белгиланган бўлса-да, унинг тўлақонли рўёбга чиқиши учун ҳар бир фуқаро ўзида масъулият ҳис қилсагина, қўйилган мақсад ва муддаоларга эришилади. 

Ҳар биримиз қаерда, қандай муаммога дуч келсак, унинг ҳал этилишида масъулларнинг масъулиятсизлиги ёки таъмагирлигига гувоҳ бўлганда шароитга бўйсуниш, индамай кетавериш ёки чидаш ўрнига бу ҳақида бонг уришимиз керак. Адолатсизлик ва масъулиятсизликка нисбатан муросасизликни ўзимиздан бошлашимиз даркор. Шундагина мудраётган мансабдор шахслар уйғонади ва зиммасида қандай масъулият борлигини ҳис қилади. 

"Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Қонунда фуқароларнинг бу борадаги ҳуқуқлари кафолатланган. Қонунга кўра, жисмоний ва юридик шахсларнинг коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик фактларига доир мурожаатлари тўлиқ, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқилади. 

Коррупцияга оид ахборот берган шахсларнинг ҳимоя қилиниши таъминланади. 

Ўзбекистон Президентининг "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори асосида "2017-2018 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастури" тасдиқланди. Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идорлараро комиссияси тузилди. Ушбу комиссия коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат дастурларининг ва бошқа дастурларнинг ишлаб чиқилиши ҳамда амалга оширилишини ташкил этади.