Жорий йилнинг 4 май куни Тошкент шаҳрида Европа иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари элчи Эдуардс Стипрайс журналистларга ўзи раҳбарлик қилаётган дипломатик миссия ҳақида маълумот берди. 

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2 май куни қатор хорижий элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олар экан, элчиларни мамлакат минтақалари, шаҳарлари ва қишлоқларига фаолроқ ташриф буюришга чақирган. Бу Ўзбекистоннинг кечаги ва ҳозирги кунини яхшироқ тушунишда катта аҳамият касб этади. Шунингдек президент хорижий элчиларга республика бош вазири, ТИВ раҳбари ва ҳукуматнинг бошқа аъзолари билан ҳар чоракда учрашув ўтказишни таклиф қилган. Учрашувлар доирасида ҳозирги муаммоли масалалар бўйича маслаҳатлашувлар ўтказилади, шунингдек қўшма режаларнинг амалга оширилиши муҳокама қилинади. 

Бундан ташқари, унинг таъкидлашича, ЕИ Афғонистоннинг энг йирик донори саналади ҳамда Ўзбекистоннинг бу мамлакатни иқтисодий жиҳатдан тиклашдаги саъй-ҳаракатини маъқуллайди. 

Айтилишича, 2016 йилда ЕИ ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама савдо мувозанати бир қадар қисқариб, 1 млрд. 800 млн. еврони ташкил этган. ЕИ Ўзбекистоннинг энг йирик савдо шериклари бешталигига кирди ҳамда Хитой, Россия ва Қозоғистондан сўнг тўртинчи ўринни эгаллади. 2016 йилда Ўзбекистонга асосан машиналар, ускуналар ва механизмлар, кимё ва у билан боғлиқ бўлган саноат маҳсулотлари етказиб берилган бўлса, Ўзбекистон ЕИ давлатларига асосан кимё ва у билан боғлиқ бўлган саноат маҳсулотлари, газлама ва кийим-кечак, шунингдек мева-сабзавот ҳамда бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, минерал ва бошқа хомашёларни экспорт қилган. Ҳар икки томон ҳам савдонинг ҳозирги ҳажми қониқарсиз эканини тан олмоқда ва уни ошириш учун ҳаракат қилмоқда. 

Шунингдек, ЕИ Ўзбекистон ҳукумати томонидан 2017-2021 йиллар учун Ҳаракатлар стратегияси доирасида режалаштирилган иқтисодий ислоҳотларни маъқуллайди. Мамлакатда бизнес юритиш учун ҳозирда бор бўлган тўсиқларни бартараф этиш қулай ишбилармонлик ва сармоявий муҳитни юзага келтиради. Ўз навбатида, бу ўзбек бозорига кўплаб Европа фирма ва компаниялари келишига туртки беради.

Қайд этилишича, яқин вақт ичида Ўзбекистон ҳукумати билан “Мева-сабзавот хўжалигини ривожлантириш дастури” лойиҳасини молиялаштириш учун маблағ ажратиш бўйича битим имзоланиши мумкин. Унинг доирасида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги тадқиқотчилик фаолияти, фермерларга тегишли технологиялардан фойдаланиш имконини яратиш, шунингдек Миллий озиқ-овқат дастурини халқаро стандартларга мослаштириш учун 21,5 млн. евролик грант тақдим этилади.