Оқ уй Пхеньянда ҳукуматни ўзгартиришга ҳаракат қилмоқда. Бу ҳақда КХДРнинг ҳукумат газетаси “Минчжу Чосон”да эълон қилинган мақолада сўз юритилади.

Нашр маълумотига кўра, президент Дональд Трамп маъмурияти “ўзининг асосий мақсади сифатида Қўшма Штатлар томонидан ишлаб чиқилган ҳарбий стратегия доирасида КХДР раҳбариятини йўқ қилишни режалаштирган”. Газетанинг огоҳлантиришича, “КХДР инқилобий армияси АҚШ мамлакат олий раҳбариятини ҳақорат қилиш бўйича кичик уринишларни амалга оширса ҳам шафқатсиз зарбалар беради”.

Мақолага кўра, Пхеньяннинг фикрича, “Трамп маъмурияти ўз рақиби ҳақида аниқ тасаввурга эга эмас”. “КХДР халқи ва армияси ўз ҳаёти эвазига инқилоб штаби ҳимоясини таъминлайди ва кимдир республика олий раҳбариятини ҳақорат қилса, уни ер юзидан йўқотади”, - дея хулоса қилган "Минчжу Чосон".

АҚШ давлат котиби Рекс Тиллерсоннинг 3 май куни маълум қилишича, Вашингтон Пхеньянга нисбатан санкцияларни кучайтиришга тайёр. Маълумотларга кўра, Оқ уй КХДРга “босим ўтказиш кампаниясини” давом эттириш ниятида.