Ота деган номни ҳар қанча улуғласак оз. Ота фарзандини комил инсон қилиб тарбиялаш учун борини беради. Хўш, фарзандлар улғайганда, ота-онанинг хизматларини адо этишлари, эъзозлашлари керак эмасми?! Ота рози – Худо рози, дейди доно халқимиз. Аммо, отага қўл кўтарган фарзандни одамлар тўй-ю маъракаларига айтмай қўйишади, уни одам ўрнида кўришмайди. Отасини ўлдирган эса падаркуш, деб аталади. Инсонийлик қиёфасини йўқотган бундай кимсаларнинг яқинига ҳам йўлашмайди, уларга “Аллоҳнинг ўзи жазосини берсин”, дейишади.

“Ҳуқуқ” газетасининг ёзишича, суднинг қора курсисида ўтирган Ўткир Кунаров ҳам ўз отасини ўлдириб, элу юртнинг қарғишига қолди, падаркуш номини олди. Мирзачўл тумани, “Янгидала” қишлоқ фуқаролар йиғинида доимий рўйхатда туриб, туманнинг “Азим Суюн” фермер хўжалиги ҳудудидаги дала шийпонида оила аъзолари билан яшаб келган Ўткирнинг феъл-атворини кўпчилик мирзачўлликлар ҳам яхши тушунишмасди. У кўпинча ўзини вояга етказган отаси билан айтишиб, гап талашиб қолар, унинг қилган ишларидан кўнгли тўлмасди. 2016 йил 18 сентябрь куни отаси Анвар Халилов Жиззах шаҳридан яшаш уйига иситиш мосламалари ва металл трубалар харид қилиб келганда Ўткир уни саволга тутди.

-  Қанчадан олдингиз буларни?

Йўл юриб қийналиб келган отага ёрдам бериш ўрнига гердайиб турган ўғилнинг сўроғи Анвар акага ёқмади.

-  Сўроқлагунча қарашсанг бўлмайдими?! Сенга ҳисобот беришим шарт эмас.

Бу гаплар Ўткирга ёқмади. У отаси билан бозорга борган қўшниларидан иситиш ва металл мосламаларининг нархини суриштирди. Отаси билан бирга борган уста Ғ.Хўббимовдан бу ҳақда сўраганида, “900 минг ёки 1 млн. сўмга олдик”, деган жавобни эшитди. Уста яна отаси олдиндан 100 минг сўм, кейин яна 300 минг сўм уста ҳақи берганлигини ҳам айтди. Ўткирнинг шубҳалари бу билан тугамади. 

Отаси уйнинг меҳмонхонасига кириб, қурилиш материалларидан ортиб қолган 200 минг сўмни хонтахта устига қўйди-да, дам олиш учун ёнбошлади. Узоқ йўлда толиққани боис, тезда ухлаб қолди. Жаҳл билан хонага кирган Ўткирнинг кўзи хонтахтадаги пулга тушди. Пулни секингина ёнига урди. 1,5 литрлик пивони ичди. Кайфи ошгач, отаси ўзи пул топмаса-да, ўйламай харажат қилиши, у билан маслаҳатлашмаслиги кино лентасидек кўз олдидан ўта бошлади. Минг афсуски, ота олдидаги қарзи, бурчлари эмас, қаҳр ва ғазаб устун келди. Ухлаб ётган отага ташланган ўғил унинг бошига темир болта билан уч марта урди. Кейин эса оғайнисиникига тўйга кетди. У ерда спиртли ичимлик ичди. Отасини ўлдириб қўйганини эса эртаси куни эрталаб аммасининг чинқириғидан билди. Аммаси уйга кирганда ота қонга беланиб ётарди...

Жиноят ишлари бўйича Жиззах вилоят судида ушбу жиноят иши кўриб чиқилди ва Ўткир Кунаровга 17 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.