Ўзбекистонда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, жисмонан соғлом, интеллектуал салоҳиятли авлодни вояга етказиш, халқимиз фаровонлигини янада юксалтириш учун зарур шарт-шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса халқимизнинг эртанги кунга ишонч билан бугунидан рози бўлиб яшашига хизмат қилмоқда.

Шу йўлда Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан аҳолига энг яқин бўғин ҳисобланган бирламчи тиббий-санитария ёрдами хизматида ҳам қатор ислоҳотлар олиб борилмоқда. Хусусан, ҚВПлар негизида кундузги стационари мавжуд бўлган қишлоқ оилавий поликлиникалари, тез тиббий ёрдам тармоғининг подстанциялари ва ижтимоий дорихоналарни  ташкил этилаётганлиги  аҳоли учун яна бир қулайлик бўлди.

Кузатувлар шуни кўрсатдики, бир кунда республика бўйича шошилинч тиббий хизматга ўрта ҳисобда 18-20 минг чақириқ тушади. Бу эса, бирламчи тиббий бўғин ва шошилинч тиббий хизматни ўзаро яқинлаштириш заруратини юзага келтирди. 

Бирламчи тиббий бўғинда тиббий хизматнинг тезкорлигини таъминлаш ва шу орқали шошилинч ва ихтисослаштирилган тиббий хизматга тушаётган юкламаларни енгиллаштириш мақсадида куни кеча Тошкент шаҳридаги жами 60 та шаҳар оилавий поликлиникасига 60 дона “DAMAS” русумли автомашиналар топширилди. Эндиликда беморларнинг уйига бориб, энг керакли тиббий муолажаларни амалга ошириш, зарур ҳолатларда уларни оилавий поликлиника ёки бошқа тиббиёт муассасасига етказиб бориш каби вазифалар ўз вақтида, кечиктирилмай амалга оширилади. Автомашиналар ўз ҳудуди бўйлаб ҳаракатлангани боис, йўллар тирбандлигидан келиб чиқадиган тез ёрдам биригадаларининг кечикиши каби ҳолатлар олди ҳам олинади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Aхборот хизмати Кун. uz’га хабар бермоқда.

Бундан ташқари, ҳар бир поликлиникада шошилинч тиббий ёрдам учун ихтисослашган хоналар ташкил этилиб, уларнинг узлуксиз ишловчи телефон рақамлари хонадонларга тарқатилди. Бу эса бирламчи ёрдамдан фойдаланиш имкониятини кенгайтириб, иш самарадорлигини янада оширишга, оилавий поликлиникаларнинг туну кун фаолият юритишига хизмат қилади. 

Эътиборли томони, ушбу автоуловлар Ўзбекистон Президентининг “Шошилинч тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига кўра харид қилиниши белгиланган 1200 та тез тиббий ёрдам автомобиллари ҳисобидан бўлмади.

Пойтахт поликлиникаларига татбиқ этилган мазкур амалиёт келажакда бошқа ҳудудларда ҳам жорий қилиниши белгиланган. Хусусан, яқин кунларда Самарқанд шаҳар оилавий поликлиникаларида ҳам худди шундай “DAMAS” русумли автомашиналар аҳоли хизматига топширилади.