АҚШ президенти Дональд Трамп пайшанба куни диний эркинликлар ҳақидаги ижро этилувчи фармонини имзолаган.

Ҳужжатга кўра, диний ташкилотлар сиёсий номзодларни қўллаши, сиёсат билан боғлиқ у ёки бу фаолият турлари билан шуғулланишлари мумкин. Фармонга қаршилар уни «бири иккинчисини инкор этувчи нарсаларга тўла», дея баҳолашмоқда.

Лекин Трамп оқ уйда чиқиш қилар экан, «бу фармон АҚШдаги дин ва сўз эркинлигини ҳимоя қилиши»ни билдирган. Унинг сўзларига кўра, «у солиқ идораларига сиёсий чиқишлари учун диний ташкилотларни таъқиб қилишларига йўл қўймайди».

«Менинг маъмуриятим амалда бўлган пайтда сўз эркинлиги, черков, синагога ва бошқа диний масканларнинг остонасида тўхтаб қолмайди. Ҳукумат энди ҳеч қачон диний тузилмаларни ўз нуқтаи назарини баён қилгани учун таъқиб этмайди», — деган Трамп.

У шунингдек, «АҚШ ҳеч қачон диний камситиш билан шуғулланмаслиги»ни айтиб ўтган.  «Биз ҳеч қачон эътиқод қилувчиларни таъқиб қилиш ёки уларга нисбатан куч ишлатишга қўйиб бермаймиз», — деган президент.

Трамп томонидан имзоланган фармон «Жонсон тузатиши» деб аталувчи қоидани ҳаракатдан тўхтатади. У 1954 йилда сенатор (кейинчалик президент бўлган) Линдон Жонсон томонидан киритилган эди. Унга кўра, черковлар ва бошқа диний ташкилотлар у ёки бу сиёсатчиларни қўллаб ёки уларга қарши чиқиш қилишса — солиқ имтиёзларидан маҳрум этиларди.

Бу орада Оқ уй вакили журналистларга Дональд Трамп АҚШ президенти сифатида илк хорижий ташрифини Саудия Арабистонидан бошлашини маълум қилган.

Трампнинг ўзи Саудияга уюштириладиган ташрифдан кўзда тутилган мақсад — терроризмга қарши курашиш учун муҳим асос яратиш, дея таъкидлаган.

«Саудия Арабистонида бутун мусулмон оламининг етакчилари билан тарихий учрашув бўлиб ўтади. Саудия Арабистони — ислом динининг икки муқаддас гўшаси қўриқчиси ҳисобланади ва айнан у ерда биз экстремизм, терроризм ва зулмга қарши курашиш учун бизнинг иттифоқчи мусулмон дўстларимиз янги пойдевор яратамиз», — деган Трамп, Оқ уйнинг Атиргуллар боғида чиқиш қилар экан.

Илгарироқ Трамп май ойида Саудия Арабистони, Исроил ва Ватиканга боришини, шундан сўнг НАТОнинг Брюсселдаги саммити ва Сицилияда ўтадиган «катта еттилик» учрашувида қатнашажагини маълум қилган эди.