Тошкентдаги “International” меҳмонхонасида 2017 йил 3–5 май кунлари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент давлат стоматология институти ва Ўзбекистон стоматологлар ассоциацияси ташаббуси билан I Халқаро стоматологлар конференцияси ўтказилмоқда. 

Анжуманда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон стоматологлар ассоциацияси ва уларнинг жойлардаги тузилмалари вакиллари, республикамиздаги, яқин ва узоқ хорижий давлатлар нуфузли олий ўқув юртлари ва илмий марказларининг профессор ўқитувчилари ва талабалари иштирок этмоқда.

Мазкур анжуманни ташкил этишдан кўзланган мақсад жаҳоннинг етакчи илмий-таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, ўқув жараёнига илғор педагогик технологиялар, ўқув дастурлари ва ўқув-услубий материалларни кенг жорий қилиш, шунингдек, ўқув-педагогик фаолиятга, малака ошириш курсларига хориждаги таълим муассасаларидан юқори малакали ўқитувчилар ва олимларни фаол жалб қилиш, магистрант, ёш ўқитувчи ва илмий ходимларнинг хорижий таълим ва илмий муассасаларда амалиёт ўташини, профессор-ўқитувчиларнинг малакасини оширишга қаратилган. 

Мамлакатимизда илк бора ўтказилаётган мазкур халқаро анжуманда Германия, АҚШ, Жанубий Корея, Нидерландия, Франция, Италия, Польша, Литва, Россия Федерацияси, Хитой Халқ Республикаси, Қозоғистон, Қирғизистон каби давлатларнинг нуфузли олий ўқув юртлари ва илмий марказлари профессорлари иштирок этишмоқда. 

Анжуман 3 қисмдан иборат бўлиб, 3 май куни иқтидорли бакалавриат ва магистратура босқичи талабалари, клиник ординаторлар ва ёш изланувчи мутахассислар иштирокида «Ёш олимлар куни» анжумани, республикамизнинг етакчи профессор – олимлари ва уларнинг хорижий ҳамкасблари иштирокида 4 – 5 май кунлари «Стоматологиянинг долзарб муаммолари»га бағишланган илмий-амалий анжуман ва стоматологик материаллар, асбоб ва ускуналар ишлаб чиқарувчи маҳаллий ва хорижий корхоналар иштирокида “Стоматологик асбоб-анжомлар кўргазмаси” ўтказилади.

Нуфузли Халқаро стоматологлар ассоциацияси вакиллари мазкур анжуманда биринчи маротаба иштирок этиб, Жаҳон стоматологлар ассоцияцияси вице-президенти раҳбарлигидаги делегация вакиллари билан икки томонлама ҳамкорлик масалалари ижобий ҳал этилди ва анжуман якунида ҳамкорлик ҳақидаги меморандум имзоланади.

Тошкент давлат стоматология институтида ўтказилган анжуман доирасида стоматологиянинг реставрация, пародонтология, ортодонтия ва тиш имплантация йўналишлари бўйича танловлар, шунингдек, яна бир қатор йўналишлар бўйича 14 маҳорат дарслари ўтказилади. Ушбу танлов ва маҳорат дарсларида стоматология институти бакалавриат ва магистратура босқичи талабалари, клиник ординаторлари, барча вилоятлардан келган амалиёт шифокорлари билан бир қаторда Россия Федерацияси ва Қозоғистон Республикасидан вакиллар ҳам иштирок этишади.