2017 йил 10-12 май кунлари Тошкент шаҳридаги “Ўзэкспомарказ” Миллий кўргазмалар мажмуасида бўлиб ўтадиган X Республика инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ярмаркаси доирасида III Тошкент халқаро инновацион форуми бўлиб ўтади. Форумнинг асосий вазифаси – дунёда инновация тизимларининг ривожланиш тенденциялари, инновация фаолиятининг ривожланиш ҳолати, муаммолари ва истиқболларини таҳлил қилиш, миллий инновация тизимини шакллантиришда турли омилларнинг ўрнини аниқлаш, инновацион иқтисодиёт учун кадрлар тайёрлаш масалаларини муҳокама қилиш ҳамда дунёда Ўзбекистонни инновацион фаоллиги юқори бўлган ҳудудга айлантиришдан иборат.

Бу йилги Форум, асосан, Ўзбекистон-Германия давлатларининг инновациялар соҳасидаги ҳамкорликлари истиқболларига бағишланган бўлиб, «Ўзбек–Немис инновацион мулоқоти – билимларга асосланган жамият қуриш келажаги» деб номланган халқаро анжуман бўлиб ўтади.

Анжуманда илмий ва инновацион тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, корхоналар бошқарувида инновацион ёндашувлар, фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси ҳамда илм-фан соҳасида юқори савиядаги кадрлар тайёрлашни қўллаб-қувватлаш бўйича илғор давлатлар, хусусан Германия тажрибаси, ўзбек олимларининг европа илмий ташкилотлари билан кадрлар тайёрлаш соҳасида халқаро ҳамкорлик олиб бориш йўллари каби масалалар муҳокама этилади.

Шунингдек, Форум доирасида Ўзбекистон-Россия ва Ўзбекистон-Хитой давлатлари ўртасидаги илмий-техникавий ҳамкорлик доирасида лойиҳалар шакллантириш юзасидан “Халқаро илмий-техникавий лойиҳаларда иштирок этишнинг талаб ва қоидалари” деб номланган семинар ва дунёдаги етакчи халқаро илмий-техника ахбороти билан таъминловчи Web of Science, Springer, EBSCO каби ташкилотлар вакиллари иштирокида “Илмий-техник маълумотлар базаларидан фойдаланиш” мавзусидаги тақдимотлар ташкил этилади.

Форум ишида Германия, Болгария, Россия Федерацияси, Италия, Хитой, Жанубий Корея, Япония, Қозоғистон, шунингдек, БМТ, ЮНЕСКО, Жаҳон банки, Ўзбекистондаги Британия Кенгаши офиси, Erasmus+ Миллий офисининг етакчи олимлари, мутахассислари ва экспертлари иштирок этишади.

Тадбир якунида Форумнинг тавсияларини ишлаб чиқиш бўйича “Инновацилар тараққиёт йўли” деб номланган давра суҳбати ўтказилади.