АҚШ президенти Дональд Трамп хорижга биринчи сафари вақтида ИШИД ва Эронга қарши кураш масаласини муҳокама қилади, деб айтди журналистларга Оқ уйнинг юқори лавозимдаги шахси.  

Трамп президент сифатида ташриф буюрадиган илк давлат Саудия Арабистони бўлади. Оқ уйда таъкидланишича, ташрифдан мақсад минтақадаги давлатларни террорчиликка қарши курашда бирлаштириш бўлади.

"Бу давлат сафарни бошлаш учун яхши жой", деб қўшимча қилган Оқ уй вакили. 

Трамп шунингдек террорчилик ва террорчилик ташкилотларининг молиялаштирилишига қарши курашни муҳокама қилмоқчи.

"Бу ҳақиқатан ҳам Саудия Арабистонида бутун мусулмон олами етакчилари билан тарихий учрашув бўлади. Саудия Арабистони исломдаги икки муқаддас қадамжонинг қўриқчиси бўлиб, айнан бу давлатда биз иттифоқдош мусулмонлар билан ҳамкорлик ва экстремизм, террорчилик ва зўравонликка қарши кураш учун янги асос яратамиз", деб айтди Трамп Оқ уйнинг Пушти боғидаги нутқида.  

Трампнинг айтишича, АҚШ  бошқа давлатларга ўз истагини ўтказмоқчи эмас, бунинг ўрнига "дўстлар ва ҳамкорлар коалициясини" тузишга ҳаракат қилмоқда.

Май ойида Трамп Саудия Арабистони, Исроил ва Ватиканга ташриф буюради, сўнгра Брюсселда ўтадиган НАТО саммити ва Сицилияда ўтадиган "катта еттилик" учрашувига жўнайди.