Украина Миллий Фанлар академиясининг Украин тили институти директори, профессор Павел Гриценко раҳбарлигидаги делегация Ўзбекистоннинг қатор вазирлик ва идораларида музокаралар ўтказди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице­президенти Баҳром Абдуҳалимов билан учрашувда Ўзбекистон билан Украина ўртасидаги ҳамкорлик кўплаб соҳалар қатори илм-фан ва таълим йўналишида ҳам изчил ривожланаётгани таъкидланди. Бунда икки мамлакат ўртасида имзоланган 140 дан зиёд ҳужжат ҳуқуқий асос бўлмоқда. Фан ва таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Меҳмонларга Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси фаолияти, илм-фан соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва қўлга киритилаётган ютуқлар ҳақида сўзлаб берилди.

Учрашувда Ўзбекистон билан Украина ўртасида илм-фан ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

Украина делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида Алишер Навоийнинг украин тилига таржима қилинган “Фарҳод ва Ширин” достони тақдимоти бўлди. 

– Жаҳон цивилизациясига бебаҳо ҳисса қўшган Алишер Навоий ижоди улкан маънавий бойликдир, – деди Павел Гриценко. – Бу мерос бутун дунёда, хусусан, Украинада катта қизиқиш билан ўрганилмоқда. Навоий ижодида донишмандлик, борлиқ оламни гуманистик англашнинг жуда улкан, битмас-туганмас хазинаси мужассам. Ўзбекистон билан илм-фан ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, халқларимиз ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашдан манфаатдормиз.