2017 йил 17-19 май кунлари Тошкент шаҳрида 21-Халқаро кўргазма ва “Global Oil& Gas Uzbekistan /OGU 2017” (Ўзбекистон нефт ва гази) конференцияси бўлиб ўтади.

Шунингдек, жорий йилда “Ўзбекнефтегаз” миллий холдинг компанияси ўзининг 25 йиллигини нишонламоқда. Ушбу сана муносабати билан компания ОАВ вакиллари учун 3 май куни Hyatt меҳмонхонасининг “Тошкент Холл” залида брифинг ташкил этди. 

25 йил муқаддам, 1992 йилнинг 3 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Нефт ва газ саноатининг давлат концерни “Ўзбекнефтегаз”ни ташкил қилиш тўғрисида”ги Фармони имзоланган эди. Кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ- 2154 сонли “Ўзбекнефтегаз” Миллий нефт ва газ корпорациясини “Ўзбекнефтегаз” Миллий холдинг компаниясига айлантириш тўғрисида”ги Фармони имзоланди, ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 523- сонли “Ўзбекнефтегаз” Миллий холдинг компаниясини ташкил этиш ва фаолияти тўғрисида”ги Қарори кучга кирди. 

Бугунги кунда 120 минг нафарга яқин одам меҳнат қилаётган “Ўзбекнефтегаз” Миллий холдинг компанияси 200дан ортиқ корхоналарни ўзида бирлаштирган,  нефтегаз тармоғининг барча фаолият йўналишларини таъминловчи яхлит  жипслашган, уч кўламли холдинг компанияси ҳисобланади.

Брифингда 21- Халқаро кўргазма ва “Ўзбекистон нефт ва гази-Global Oil& Gas Uzbekistan /OGU 2017” тадбирларининг дастури таништирилди. Анжуман якунлангач, Яшнобод туманидаги интернат мактабда дарахтлар экиш эко-акцияси ўтказилди.

Маълумот ўрнида: Кўргазма ва конференцияда қуйидаги мамлакатларнинг 400та компанияси ва делегатлари ўз иштирокини тасдиқлади: Австрия, Озарбайжон, Афғонистон, Буюк Британия, Германия, Италия, Индонезия, Қозоғистон, Хитой, Ҳолландия, Полша, Россия, Сингапур, Туркия, Ўзбекистон, Украина, Франция, Чехия, Швейцария, Жанубий Корея.