Жанубий Кореяда 4 май куни 9 майда ўтажак президентлик сайловлари арафасида барча истовчилар учун муддатдан олдин овоз бериш жараёни бошланди. Бундай овоз бериш мамлакатда илк бор ўтказилмоқда. Маҳаллий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, соат 09:00 ҳолатига кўра, 590 минг киши ёки умумий сайловчиларнинг 1,39 фоизи овоз бериб бўлди.  

Жорий сайловларда ҳаммаси бўлиб 42 млн 479 минг 710 сайловчи қатнашиши керак. Муддатдан олдин овоз бериш икки кун – 4 ва 5 май кунлари бўлиб ўтади. Бундай овоз бериш 2014 йилда қабул қилинган қонунга кўра илк бор ўтказилмоқда. Қонун сайловчиларнинг овоз беришдаги давоматини яхшилаш учун сабабнинг қандайлигидан қатъий назар, барча истовчиларга муддатдан олдин овоз беришга имкон беради. 

Қонун қабул қилингунга қадар, президентлик сайловлари куни овоз бера олмайдиганларгина муддатдан олдин овоз бера олишарди. 

"Рёнхап" ахборот агентлигининг маълум қилишича, муддатдан олдин овоз берганлар орасида мамлакат сиёсий партияларининг нуфузли вакиллари, санъат арбоблари, оддий фуқаролар бўлди.

Айни вақтда Жанубий Кореянинг собиқ президенти Пак Кин Ҳе ўз хизмат ваколатларини суистеъмол қилиш ва порахўрлик айби билан ҳибсда ушланиб турибди.  

Жанубий Корея президенти лавозимига ҳозирда 13 киши даъвогарлик қилмоқда.

Охирги жамоатчилик фикри сўровномалари натижаларига кўра, Демократик партия номзоди Мун Жэ Ин (42 фоиз сўралганлар қўллаб-қувватлаганлар), "Халқ партияси" вакили Ан Чхоль Су ва консерватив кучлар вакили Хон Жун Пхё (иккаласининг рейтинги 18,6 фоиздан ошган) президент лавозимига асосий даъвогарлар ҳисобланадилар.