Франция президентлигига номзодлар – “Маршда” ҳаракати етакчиси Эммануэль Макрон ва “Миллий фронт” партияси раҳбари Марин Ле Пен – сайловларнинг иккинчи турига уч кун қолганда сўнгги теледебатларни ўтказишди. Мулоқотнинг катта қисми жанжалга ўхшаш бўлди, сўровларга кўра, томошабинлар унда Макрон устун келганини эътироф этишган.

Баҳсларни Ле Пен Макронга қатор айбловлар сериясини “отиш” билан бошлаб берди. "Жаноб Макрон назорат қилинмайдиган глобаллашув, беқарорлик, иқтисодиётни ўзлаштириш, мамлакатни парчалаш, коммунитаризм тарафдори", - дея маълум қилди Ле Пен. Бунга жавобан “Маршда” ҳаракати асосчиси Ле Пен очиқ, демократик дебатлардан қочаётганини маълум қилди ва уни ёлғонда айблади. "Сиз фамилия (Миллий фронт асосчиси - Жан-Мари Ле Пен, Марин Ле Пеннинг отаси), ўта ўнг сиёсий партия, кўп йиллар давомида французларнинг норозилиги ҳисобидан кун кечираётган тизим меросхўрисиз", - деди Макрон.

Шунингдек унинг дебатлар чоғида таъкидлашича, Олланднинг беш йиллик бошқаруви учун масъулиятни ўз зиммасига олмайди, ҳукумат сиёсатидан норози бўлгани учун ҳам иқтисодиёт вазири лавозимидан истеъфога чиққан. Бунга жавобан эса Ле Пен рақибини кичик Олланд, деб атади ҳамда Макроннинг ҳукуматдан кетиши шунчаки ўйин бўлганини, аслида эса у Франциянинг амалдаги президенти меросхўри эканини айтди.

Умуман олганда, сиёсий шарҳловчиларнинг фикрича, дебатлар сайловчилар кутганидек ўтмади: Ле Пен ўз лойиҳасини етарли даражада яхши тақдим эта олмади ва ҳукуматни тинимсиз айбловчи мухолифат вакили ролини сақлаб қолди, Макрон эса ҳиссиётларга берилди ва баҳсларнинг аксарият қисмини баланд овозда олиб борди. 

Бошловчиларнинг сайловларда ғалаба қозонишса, РФ ва АҚШ президентлари Владимир Путин ва Дональд Трамп билан қандай муносабатларда бўлишлари ҳақидаги саволга Макрон Қўшма Штатлар билан қалин алоқалар биринчи ўринда экани ва у АҚШ етакчиси билан мулоқотни мустаҳкамлашга ҳаракат қилишини маълум қилди. Путинни эса у “минтақавий муаммолар” бўйича “шерик” деб атади. Шу билан бирга, унинг таъкидлашича, Россия президентининг босим қилишига йўл қўймайди.

Ўз навбатида Ле Пен Россия ва АҚШ билан муносабатларда мувозанатга эришишни исташи ҳақида маълум қилди. “Бизда Россия билан “совуқ уруш” олиб бориш учун ҳеч қандай сабаб йўқ, ҳамда у билан дипломатик, савдо, стратегик муносабатлар қуриш учун барча имкониятлар бор, сабаби у буюк давлат”, - деган “Миллий фронт” етакчиси.

Шунингдек Ле Пен рақибини миллий манфаатларга зид тарзда Германияга ёқишга ҳаракат қилишда айблади. “Нима бўлган тақдирда ҳам, Францияни барибир аёл киши бошқаради: ёки мен, ёки Меркель хоним”, - дея ҳазил қилган у.

Номзодлар ягона Европа валютаси борасида бир-бирига зид фикрлар билдиришди. Масалан, Ле Пен миллий валюта – француз франкини қайтаришга чақирган бўлса, Макрон иккита валютанинг бир вақтда бўлиши имконсиз эканини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Франция интеграциялашган Европа иқтисодиёти шароитида қолмоқда, шунинг учун евродан воз кечиш мамлакат рақобатбардошлигини пасайтиради, франкнинг қайтарилиши эса французлар учун жуда катта хавфдир.

Elabe компания томонидан ўтказилган сўровга кўра, томошабинларнинг 63 фоизи Макронни қўллаб-қувватлашди, Ле Пен – 34 фоиз, яна 3 фоиз ўз фикрини аниқ айта олмади.

OpinionWay компанияси сўнгги сўровномаси натижаларига кўра, Макрон сайловларнинг иккинчи турида Ле Пен устидан ғалаба қозонади: сайловчилар 60 фоизи уни қўллаб қувватлайди.