4 май куни  Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги идорасида ОАВ вакиллари иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди. Тадбирда иттифоқнинг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари Эдуардс Стипрайс иштирок этди. 

Анжуманда элчи Ўзбекистон ҳукумати билан сиёсий муносабатлар жадал суръатларда ўсиб бораётганини алоҳида қайд этди. Шунингдек, Ўзбекистон, ЕИ ҳамда Афғонистон ўртасидаги уч томонлама ҳамкорлик режаларига ҳам атрофлича тўхталиб ўтди. 

«4-5 октябрь кунлари Брюсселда Афғонистонга бағишланган анжуман чоғида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов мамлакатнинг иқтисодий тикланишига ёрдам бериши ва қўшни давлатга хавф сифатида эмас, балки салоҳиятли ҳамкордек қарашини билдирган эди. Ўзбекистон томонидан яқинда маълум қилинган яна бир лойиҳа -  афғонистонлик талабаларга Ўзбекистонда таълим олишлари учун имкон яратишдир. Эндиликда Афғонистон ёшлари Ўзбекистонда таҳсил олиб, билим ва малакаларини оширишлари мумкин бўлади», - дея қайд этган Стипрайс.

ЕИ делегацияси раҳбари мазкур лойиҳа келгусидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини айтиб ўтди.

Маълумот учун, Брюсселдаги анжуман якунидан сўнг, Афғонистонни иқтисодий ва сиёсий қўллаб-қувватлаш учун мамлакатга 2017-2020 йилларда 13.6 млрд евро ажратиш бўйича битим имзоланган.