АҚШнинг транспорт хавфсизлиги маъмурияти террорчилар транспорт воситаларидан фойдаланган ҳолда терактлар содир этишлари мумкинлигидан огоҳлантирди. Ташкилот ўтган йил Ниццада юк машинаси ёрдамида содир этилган терактни бунга мисол тариқасида келтириб ўтди. Ўша ҳужумда 86 киши ҳалок бўлганди.

Ташкилот бундай ҳужумларни "мураккаб бўлмаган" деб таърифламоқда, чунки уларни тайёрлаш учун минимал тайёргарлик талаб этилади. Таъкидланишича, Европадаги ҳужумлар каби сценарий бўйича ҳаракат қилмоқчи бўлган террорчилар катта миқдорда одамлар тўпланадиган тадбирларни "нишонга олиши мумкин". 

Ҳисоботда келтирилишича, 2014 йилдан 2017 йилгача террорчилар транспорт воситалари қўллаган ҳолда 17 та ҳужум амалга оширган. Бу ҳужумлар оқибатида 173 киши ҳалок бўлган, 667 киши жароҳат олган.

Европада ўтган ярим йил ичида транспорт воситаси қўлланган ҳолда бир нечта теракт содир этилди. Жумладан, Лондон ва Стокҳолмдаги ҳужумларда 4 нафардан одам, Берлинда эса 12 нафар одам ҳалок бўлган. Бундай турдаги ҳужумлардан энг "қонлиси" ўтган ёз Ниццада содир этилган теракт ҳисобланади: ўшанда 86 киши ҳалок бўлган, 434 киши жароҳат олганди.