АҚШнинг Канзас-сити шаҳрида жойлашган аквапаркдаги дунёдаги энг баланд тепаликда 2016 йилда ҳалок бўлган бола оиласи қарийб 20 миллион доллар олади. Бу ҳақда Kansas City Star газетаси суд ҳужжатларига асосан ёзмоқда.

Ҳодиса ўтган йилнинг август ойида Schlitterbahn Water Park аквапаркида юз берган. Штат вакиллар палатаси аъзосининг ўғли бўлган ўн ёшли бола узунлиги 51 метр бўлган сув тепалигидан тушиб, бўйнидан жароҳат олди ва ҳаётдан кўз юмди.

Нашр маълумотига кўра, ҳалок бўлган бола оиласи умумий ҳисобда 19,7 миллион доллар олади. Ушбу сумманинг катта қисми – 14 миллион доллар – аквапаркка асос солган Schlitterbahn компанияси билан алоқадор бўлган SVV 1 ва KC Water Park компаниялари томонидан тўлаб берилади.

Аввалроқ Канзас-сити шаҳридаги аквапарк раҳбарияти рўй берган ҳолатдан сўнг дунёдаги энг баланд тепаликни бузиб ташлашга қарор қилгани хабар берилганди.