Япониянинг Kawasaki Heavy Industries ва Marubeni Utilite Services компаниялари Фарғона иссиқлик электр марказини модернизация қилиш лойиҳасини амалга оширмоқдалар. Бу ҳақда "Ўзбекэнерго" компаниясида маълум қилинди.  

Kawasaki Heavy Industries ва Marubeni Utilite Services қурилмаларни етказиб, ўрнатиб беради.

"Ўзбекэнерго" маълумотларига кўра, Фарғона ИЭМда ва Фарғона қозонхонасида юқори самарадор когенерацион газ турбина қурилмаларини татбиқ қилиш лойиҳаси бўйича қурилиш ишлари апрель охирида бошланган.  

Лойиҳанинг амалга оширилиши минтақада умумий ҳолда 24 МВт ишлаб чиқарувчи қўшимча манбаларни яратишга имкон беради. Натижада станция ҳар йили қўшимча 197,24 млн. кВт∙соат электр энергия ва 214,5 минг Гкал иссиқлик энергияси ишлаб чиқаради.   

Лойиҳанинг қиймати 83,6 млн долларни ташкил қилади. Лойиҳа Япониянинг янги энергетик ва саноат технологияларини ривожлантириш ташкилотининг 49,5 млн долларлик грант маблағлари ва "Ўзбекэнерго" маблағлари ҳисобидан амалга оширилмоқда.

Фарғона ИЭМ айни вақтда Фарғона водийсидаги ягона электр станцияси ҳисобланади. Станция 1978 йилдан фойдаланишга киритилган. Унинг қуввати 305 МВт ни, ишлаб чиқарадиган электр энергия миқдори 560 млн. кВт•соатни ташкил қилади.