Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2017/2018 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида»ги қарори эълон қилинди.

Унга кўра Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида, Навоий давлат кончилик институтида ва Тошкент темир йўл муҳандислари институтида сиртдан ўқиш имконияти пайдо бўлади.

2017 йилда қўшимча шартнома орқали талаба бўлиш мумкин

Ҳужжатда махсус сиртқи бўлим негизида ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда билим олишни таъминлаш мақсадида Тошкент ахборот технологиялари университетининг махсус сиртқи бўлимида 100 нафар, шу жумладан, давлат грантлари бўйича 15та ва тўлов-контракт асосида 85та, Навоий давлат кончилик институтида тўлов-контракт асосида 90 нафар ва Тошкент темир йўл муҳандислари институтида тўлов-контракт асосида 80 нафар бакалаврни тайёрлаш назарда тутилган. 

Қарор билан Ўзбекистон Республикасининг таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг янги таркиби тасдиқланди ва унга қуйидаги ҳуқуқлар берилди: 

  • бакалавриат йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича олий таълим муассасаларига ўқишга кириш чоғида абитуриентлар тўплаган балларнинг рейтинг баҳосини ҳисобга олган ҳолда олий таълим муассасаларининг бакалавриат ва магистратура бўлимлари қабул параметрларига ўзгартишлар киритиш; 
  • янги йўналишлар ва мутахассисликларни киритиш учун бакалавриат ва магистратуранинг қабул квоталарига ўзгартишлар киритиш; 
  • иқтисодиёт тармоқлари, жумладан, республиканинг олис ва бориш қийин бўлган ҳудудлари учун мутахассисларга бўлган ўринли эҳтиёжларни қондириш мақсадида олий таълим муассасаларининг бакалавриат ва магистратурасига тегишли тармоқлар ва ҳудудлар бўйича мақсадли қабул кўрсаткичларини белгилаш. 

Шунингдек, 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига тўлов-контракт пулининг оширилган ставкаси бўйича қўшимча қабулни амалга ошириш жорий этилмоқда. Бунда: 

  • олий таълим муассасаларига тўлов-контракт пулининг оширилган ставкаси бўйича қўшимча қабулни амалга ошириш учун квота миқдори таълим муассасасининг мавжуд имкониятлари ва таълим йўналишларидан келиб чиқиб Давлат комиссияси томонидан белгиланиши; 
  • қўшимча қабул бўйича тўлов-контракт пулининг оширилган ставкаси абитуриентлар тўплаган балларга қараб Давлат комиссияси томонидан дифференциялашган тартибда белгиланиши; 
  • тўлов-контракт пулининг оширилган ставкаси бўйича қўшимча қабул ўтиш баллини тўплай олмаган абитуриентларга тўплаган баллига мувофиқ (68 баллдан кам бўлмаган) кетма-кетлик тартиби қатъий сақланган ҳолда, уларнинг оширилган контракт пулини тўлай олиш имкониятидан келиб чиқиб амалга оширилиши белгилаб қўйилди. 

«Қарорнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, кадрларни мақсадли тайёрлашнинг асосий буюртмачилари ҳисобланган Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари, вазирлик ва идораларга олий таълим муассасалари битирувчиларининг улар ўқиб эгаллаган касбига ва тузган шартномаларига мувофиқ иш билан бандлигини таъминлаш, жумладан, республиканинг олис ва бориш қийин бўлган ҳудудларига ишга йўлланма олган олий таълим муассасалари битирувчилари учун муносиб меҳнат ва ижтимоий-маиший шарт-шароитлар яратиш юзасидан жавобгарлик юкланган. 

Бир сўз билан айтганда, ушбу қарорда белгилаб берилган мақсад ва вазифалар юқори малакали мутахассисларни тайёрлашга хизмат қилади, 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг стратегик ривожланишининг бешта устувор йўналиши доирасида олиб борилаётган ислоҳотларни изчил амалга оширишга замин яратади», дейилган ЎзА томонидан келтирилган расмий шарҳда.