Давлатга қарашли турар-жой ва биноларни ўзбошимчалик билан қайта қурган ёки ўзгартирган шахслар, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади, деб хабар бермоқда Кун.uz’га Суд департаменти. 

Тўғри, Конституцияда ҳар бир шахснинг мулк ҳуқуқи кафолатланган. Шундай бўлсада, суд органи жисмоний ва юридик шахсларни мулкдан фойдаланишида қонунга зид хатти-ҳаракати юзасидан тегишли қарор чиқаришга хақли. Бир ҳақиқатни ҳеч хам эсдан чиқармаслик керак, агарда Давлат уй-жой ёки ер ажратадиган бўлса, у албатта аниқ ҳисоб-китобларга асосланган бўлади. Аммо кўча юзига чиқиб қолган уйлар, йўлларнинг тор ҳолатга келиб қолгани, фавқулодда вазиятлар бўлган пайтда махсус хизмат ходимларига ноқулайлик туғдирмасмикин? Ёки зилзила вақтидачи? Энг қизиқ тарафи шундаки, аксарият фуқаролар қураётган объекти ноқонуний эканлигини билиб, огоҳлантирувларга қарамасдан ўз ишида давом этган.

Шу ўринда қўшимча қилиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 212-моддасига кўра, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида, шунингдек иморат қуриш учун зарур рухсатнома олмасдан ёки архитектура ва қурилиш нормалари ҳамда қоидаларини жиддий бузган ҳолда қурилган уй-жой, бошқа бино, иншоот ёки ўзга кўчмас мулк ўзбошимчалик билан қурилган иморат ҳисобланади. “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг 73-1-моддасида белгиланганидек, қарздорнинг иморатини мажбурий бузиб ташлаш холислар иштирокида ва ички ишлар органларининг ходимлари кўмагида суд ижрочиси томонидан амалга оширилади.

Маълумотларга кўра, Тошкент шаҳар  суд ижрочиларининг туман бўлимлари иш юритувида 2017 йилнинг ҳозирги даврига кўра жами 915 та ижро ҳужжатлари мавжуд.

Айни дамда Чилонзор ва Юнусобод туманларида ноқонуний қурилмаларни мажбурий тартибда бузиш бўйича ижро ҳаракатлари олиб борилмоқда.