Дунёдаги энг оғир вазнли аёл ҳисобланган Имон Абдул Атий пайшанба куни соат 21:30 да Абу-Заби халқаро аэропортига етиб келди. Бу ҳақида Gulf News'да хабар берилди. 

Айни пайтда бемор Буржил шифохонасида узоқ муддатли жисмоний ва руҳий реабилитация муолажаларини ўтамоқда. 

Манбага кўра, Имон БААдаги Буржил шифохонасига ўтказилган бўлиб, клиника уни даволаш учун зарур тажриба ва билимга эга. 

У Мумбайдаги Сайфий шифохонасидан тиббий йўл билан эвакуация қилинди. Бемор Ҳиндистонда вазнни камайтириш бўйича жарроҳлик операциясини бошидан ўтказган ва ундан кейинги даволаш муолажалари учун Абу-Заби шифохонасига етказилган. 

Маълумотларга кўра, Абдул Атий Мумбайдан EgyptAir юк самолётида парвоз қилган. Опасининг айтишича, Имон Абу-Забида эканлигидан жуда хурсанд.

Таъкидлаш жоизки, 36 ёшли бемор Абдул Атий жорий йилнинг 10 февралида махсус жарроҳлик амалиёти учун Ҳиндистонга етказилган эди. 7 март куни у бариатрик операцияни бошдан кечирди.