Россиянинг Свердловск вилояти прокуратураси ОАВнинг Екатеринбургдаги қатор мактабларда болаларни овқатлантириш ўзига тўқлар ва бой бўлмаганлар принципи бўйича ташкил этилгани ҳақидаги маълумотни текширмоқда.

Ўқувчининг у ёки бу тоифага кириши ошхонадаги таомланишига боғлиқ.

"Хабар қилинишича, мактабларда болаларга ота-онасининг моддий ҳолатидан келиб чиққан ҳолда овқат берилган. Шунинг учун, кам таъминланган ва кўп фарзандли оилалар болалари, шунингдек, ота-онаси яхшиланган таомлар комплексига пул тўлаш имконига эга бўлмаган ўқувчилар алоҳида столларда ўтиришади. Бу камситиш ва вояга етмаганлар ҳуқуқларини поймол қилишдир", - дея хабар берган вилоят прокуратураси матбуот хизмати.

Бугунги кунда ота-оналар ўз фарзанди тушлиги учун кунига 65 рублдан тўлайди (ёки 75 – шарбат ҳам олинса). Имтиёзли тоифалар учун ажратилувчи пуллар камроқ. Кам таъминланганлар тушликларида иқтисод қилиш таом миқдорининг камлиги, ёки арзонроқ маҳсулотлар ҳисобидан амалга оширилади. Бундан ташқари, шартли равишда камбағал ва бой ўқувчилар учун турли столлар бор.

Маҳкама маълумотларига кўра, бундай вазият шаҳарнинг камида иккита ўқув муассасаси – Чкалов ва Киров туманларидаги мактабларда рўй бермоқда.

Текширув жараёнида кўп фарзандли оилалардан бўлган ўқувчилар, етим-болалар ва ота-она қаровисиз қолганлар қандай таомлар истеъмол қилаётганига алоҳида эътибор қаратилади.