Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг бош ёрдамчиси Илнур Чавик агар америкаликлар курдларнинг Халқ мудофааси отрядлари (YPG) билан ҳамкорлик қилишни давом эттирса, Туркия ракеталари билан АҚШнинг Суриядаги махсус қўшинларига зарба берилиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Бу ҳақда Foreign Policy нашри хабар бермоқда
 
"Агар курдлар ва америкаликлар биргаликдаги ишни давом эттирсалар, биз у ерда АҚШнинг зирҳли техникаси борлиги вариантини эътиборга олмаймиз. Тўсатдан, тасодифан бир нечта ракеталар уларга тегиши мумкин", деб айтган Чавик. 

Нашрнинг фикрича, Анқара АҚШ қўшинлари Суриянинг курдлар томонидан назорат қилинувчи шимолий туманларида пайқалганидан ташвишланмоқда. Туркия раҳбариятининг таъкидлашича, бу ҳолат америкаликларнинг курдларни, жумладан турклар террорчилик ташкилоти деб ҳисоблайдиган YPG’ни қўллаб-қувватлашининг ошкора эслатмаси ҳисобланади.  

Аввалроқ Россия ва Туркия президентлари Сочидаги учрашувда Сурияда хавфсизлик ҳудудларини яратишни қўллаб-қувватлаганлари маълум қилинганди.