Франция полицияси мамлакат ғарбидаги ҳарбий база яқинида помпали милтиқ, иккита револьвер ва уларга ўқ дорилар аниқлади. Бу ҳақда терговга яқин манбаларга иқтибос келтирган ҳолда Agence France-Presse ахборот агентлиги хабар бермоқда.  

Қуроллар Эвре шаҳри яқинида 5 май эрталаб радикал исломчи, собиқ ҳарбий, 34 ёшли француз қўлга олингандан кейин аниқланган. У полиция томондан маҳаллий ҳарбий база яқинида қўлга олинган. Терговчилар қўлга олинган кимса кейинчалик теракт амалга ошириш мақсадида база ортидан кузатув олиб борган, деб тахмин қилишмоқда.   

RTL телеканали маълумотларига кўра, базани қўриқлайдиган ҳарбийлар базага кираверишда қўйиб кетилган шубҳали автомобилни пайқашган. Улар бу ҳақда полицияга хабар беришган. Машина эгаси уни ўт олдириш қулфида калитни қолдирган ҳолатда тарк этган. У қайтиб келганда, полиция томондан қўлга олинган.

Гумонланувчининг шахси текширилганда у француз махсус хизматларига маълум бўлгани ва хавф солиши мумкин бўлган мусулмон радикаллар маълумотлар базасида ҳисобда тургани аниқланган. Бу иш бўйича терговни олиб бориш террорчилик ишлари билан шуғулланувчи Париж прокуратурасига топширилган.