Франциянинг энг бадавлат одами, LVMH конгломерати бош директори Бернар Арно президентлик сайловларида "Олға" ҳаракати етакчиси Эммануэль Макронни қўллаб-қувватламоқда. Бу ҳақда Business of Fashion нашри хабар бермоқда

"Шубҳасиз, мен Эммануэль Макронга овоз бераман", деб айтди Арно. У, шунингдек, Макроннинг сайловлар бўйича рақиби, "Миллий фронт" етакчиси Марин Ле Пеннинг сайлов кампаниясини танқид қилди. 

Миллиардернинг айтишича, Ле Пеннинг иқтисодий дастури Францияга "тузатиб бўлмас таназзул" билан хавф солмоқда.  

Аввалроқ бу ҳафтада яна 12 та компания етакчиси Ле Пенга қарши чиқиб, унинг сиёсати Францияга зиён етказишини айтгандилар. Бунгача кўпчилик топ-менежерлар сайлов бўйича ўз фикрларини билдирмай келаётгандилар.