Cуриядаги кескин вазият бартараф этилган ҳудудлар устида жанговар авиация, жумладан халқаро коалиция кучлари авиациясининг учиши тақиқланади. Бу ҳақда РИА Новости’нинг хабар беришича, 5 май куни Россия президентининг Суриядаги вазиятни ҳал қилиш бўйича махсус вакили Александр Лаврентьев маълум қилган.

«Кескинлик бартараф этилган ҳудудларда авиация, айниқса халқаро коалиция кучларининг ҳаракатланиши бутунлай тақиқланиши кўзда тутилмоқда. Бу масала батамом ҳал этилди», - деган Лаврентьев.

Унинг аниқлик киритишича, халқаро коалиция авиация зарбаларини бериши мумкин бўлган ягона жойлар ИШИД гуруҳи кучлари жойлашган туманлар – Раққа, Дайр аз Зора ҳудудлари, шунингдек Фирот яқинидаги бошқа аҳоли пунктларида бўлади.

«Уларнинг кескинлик бартараф этилган зоналардаги ҳаракатига келадиган бўлсак, айни дамда бу ҳудудлар улар парвози учун ёпилган. Меморандумда бу белгилаб қўйилмаган, бироқ авиация парвози бу ҳудудлар устида тўхтатилади, ҳамда биз кафил сифатида бу йўналишдаги барча ҳаракатларни кузатиб борамиз», - дея таъкидлаб ўтди у.

Аввалроқ, 4 май куни Россия, Туркия ва Эрон вакиллари Остона шаҳрида Сурияда кескинлик бартараф этилган ҳудудларни яратиш ҳақида меморандум имзолади. Бундай зоналарнинг тўрттасида (Идлиб вилоятида, Хомс шаҳридан шимолда, шарқий Гутеда ва мамлакат жанубида) ҳукумат кучлари ва мухолифат ўртасидаги жанговар ҳаракатлар 6 май кунидан эътиборан ярим йилга тўхтатилиши керак.