Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 24 апрелдаги 235-сон Қарори билан Ички ишлар органлари томонидан ташкилотлар ва фуқароларнинг транспорт воситаларидан мажбурий тарзда фойдаланганлик натижасида қилинган харажатлар ёки етказилган зарар, шунингдек транспорт воситасининг эгасига етказилган мулкий зарарнинг ўрнини қоплаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Ўзбек милицияси эҳтиёж бўлганда фуқаролар машиналаридан фойдаланишлари мумкин

Norma.uz’нинг ёзишича, «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги Қонуннинг 20-моддасига мувофиқ ички ишлар органлари ходимлари қуйидаги ҳолларда ташкилотлар ёки фуқароларнинг транспорт воситаларидан мажбурий тартибда фойдаланиши мумкин: 

•  табиий офат ёки фавқулодда ҳолат юз берган жойга боришда;

•  шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож фуқароларни тиббий муассасаларга олиб боришда;

•  жиноят содир этган шахсларни таъқиб қилиш ва ички ишлар органларига олиб келишда;

•  ҳодиса жойига ёки ички ишлар органларининг шахсий таркибини жанговар тревога бўйича тўплаш жойига боришда.

Низомда белгиланишича, қуйидаги транспорт воситаларидан фойдаланишга йўл қўйилмайди:

•  чет давлатларнинг дипломатик, консуллик ваколатхоналарига ва бошқа ваколатхоналарига тегишли бўлган транспорт воситалари;

•  халқаро ташкилотларга тегишли бўлган транспорт воситалари;

•  махсус мўлжалланган ва сирена ўрнатилган транспорт воситалари, шунингдек Ҳукумат раҳбарларини олиб юрувчи, тиббий тез ёрдам, ёнғин ўчириш, конвой, инкассатор хизматларининг транспорт воситалари.

Ички ишлар органи ходими транспорт воситасидан фойдаланганда, унинг эгасига транспорт воситасидан фойдаланганлик фактини тасдиқловчи ва ходимни идентификацияловчи ҳужжат берилиши шарт. Идентификацияловчи ҳужжат намунаси ва унинг бериш тартиби Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланади.

Транспорт воситасидан фойдаланган ички ишлар органи ходими ҳолат бўйича барча тасдиқловчи ҳужжатлар (ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа ваколатли давлат ташкилотларининг маълумотномалари) илова қилинган билдирги билан ўз раҳбарига ахборот беради.

Харажатлар ва зарарни қоплаш масаласини ўрганиш бўйича ички ишлар органларида доимий комиссиялар тузилади.

Харажатлар ва зарарни қоплаш учун транспорт воситасининг эгаси (унинг вакили) ички ишлар органига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

•  харажатлар ва зарарни қоплаш тўғрисидаги ариза;

•  паспорт ёки шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжатнинг нусхаси (жисмоний шахслар учун);

•  транспорт воситасининг техник паспорти нусхаси;

•  ички ишлар органи ходими транспорт воситасидан фойдаланганлиги фактини тасдиқловчи ва уни идентификацияловчи ҳужжат;

•  вакил сифатида мурожаат қилиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат ва шахсни тасдиқловчи ҳужжатнинг нусхаси (транспорт воситаси эгасининг вакили мурожаат қилган тақдирда).

Ички ишлар органи раҳбари ҳужжатларни 3 кун ичида комиссияга тақдим этади.

Ҳужжатлар 15 кун ичида, қўшимча ҳужжатлар ёки текширув талаб этилганда эса 1 ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади.

Мурожаат кўриб чиқилгандан сўнг унинг муаллифига 3 кун ичида натижалар ҳақида ёзма маълумот берилади.

Комиссиянинг харажатлар ва зарарни қоплаш тўғрисидаги қарорига асосан қуйидагилар ички ишлар органи томонидан қопланади:

•  бутунлай яроқсиз ҳолга келган ва тиклаш имкони бўлмаган тақдирда транспорт воситасининг ички ишлар органи фойдаланишидан олдинги бозор қиймати;

•  транспорт воситасидан фойдаланганлик натижасида меъёр бўйича сарф қилинган ёқилғининг ҳақиқий харажат қиймати;

•  ички ишлар органи транспорт воситасидан фойдаланганидан кейин қилинган харажатлар ёки етказилган зарар.

Харажатлар ва зарар миқдори ички ишлар органи томонидан баҳолаш ташкилотини жалб қилган ҳолда аниқланади.

Транспорт воситаси эгаси (унинг вакили) билан келишилган ҳолда мулкий зарар нақд шаклда ёки пул ўтказиш, тенг қийматдаги транспорт воситасини бериш йўли билан уни расмийлаштириш билан боғлиқ харажатларни инобатга олган ҳолда натура тарзида қопланиши мумкин.

Харажатлар ва зарарни қоплаш тўғрисида қарор қабул қилингандан сўнг ички ишлар органи 10 кун ичида уларни қоплаб бериши лозим.

Ўрнатилишича, ички ишлар органлари томонидан ташкилотлар ва фуқароларнинг транспорт воситаларидан мажбурий тарзда ходимнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари туфайли фойдаланганлик натижасида қилинган харажатлар ёки етказилган зарар айбдор шахсдан ундириб олинади.

Ҳужжат давлат тилида қабул қилинган ва 2017 йил 1 майда кучга кирди.