Россиянинг янги тор фюзелажли МС-21 самолёти йиғиш цехини тарк этди ва синовларга тўлиқ шай. Самолётни ишлаб чиқарган «Иркут» корпорацияси вакили РИА «Новости»га самолёт тўлиқ йиғиб бўлингани ва энди мутахассислар унинг биринчи парвозига ҳозирлик кўришаётганини билдириб ўтган. Парвозни синовдан ўтказиш муддати ҳозирча аниқ эмас, лекин жуда тез кунларда бўлиб ўтиши мўлжалланмоқда.

Янги лайнер ўрта масофаларга йўловчи ташиш учун мўлжалланган. Кутилишича, МС-21 Boeing-737 ва Airbus A320 учун муносиб рақобатчи бўлади, бироқ ундан фойдаланиш шу синфдаги бошқа самолётларга нисбатан арзонроққа тушади. «Иркут» мутахассисларининг фикрича, авиакомпаниялар МС-21 дан фойдаланишса ҳар бир самолётдан йилига 1 миллион долларгача иқтисод қилишлари мумкин экан.

Фото: ТАСС 

Лайнернинг сиғими 150 дан 211 йўловчигача мўлжалланган. Самолёт замонавий борт тизимлари билан жиҳозланган, авиасозлик соҳасидаги энг сўнгги янгиликлар қўлланилган ва янги турдаги двигателлар билан таъминланган. Бундай синфдаги самолётнинг қанотларини ясашда илк марта композит материаллардан фойдаланилган. Вақт ўтиши билан МС-21 тўлиқ эски совет самолётларни ўрнини эгаллайди.

Фото: ТАСС 

Корпорация аллақачон 175 та самолётга буюртма олган, айни пайтда яна 100 та машинани етказиб бериш борасида музокаралар олиб борилмоқда. Дастлабки самолётларни «Аэрофлот» авиакомпанияси қабул қилиб олади — самолётни серияли ишлаб чиқариш эса 2018 йилдан бошланади.