Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистонда dyhxx.uz сайти ишга туширилди, унда қисқача рўйхатга олиш жараёнидан ўтиб, Тошкент шаҳри йўллари ва чорраҳаларида ўрнатилган кузатув камералари томонидан йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун ўзингизга нисбатан жарима қўлланган-қўлланилмаганини билиб олиш мумкин

Бироқ орадан бир кун ўтиб қувонч умидсизликка айланди. Сайт фақатгина UMS уяли алоқа компаниясининг абонентлари учунгина хизмат кўрсатмоқда. Мамлакат уяли алоқа бозорининг иккита катта ўйинчиси Ucell ва Beeline негадир четда қолиб кетди – яъни, 20 миллион абонентлар. Бундан ташқари, яна бир қизиқ жиҳати – ИИББ Миллий мобил операторни ҳам четлаб ўтган.

Шунингдек, жарималар ҳақидаги маълумотни олиш пулли экани ҳам тушунарсиз. Сайтда рўйхатдан ўтиш маълум ҳақ эвазига амалга оширилади. "Порталда ҳар бир рўйхатдан ўтиш чоғида кириш коди бўлган кирувчи SMS-хабарлар нархи Марказий банкнинг ҳозирги курси бўйича 0,02 USD’ни ташкил этади", - дея таъкидлашган сайтни ишлаб чиққан компанияда Спутник нашрига.

Давлат хизматларини кўрсатишда бу қанчалик адолатли – назорат органларига яхши савол. ЙҲХБ матбуот котиби Алишер Абдуқодировнинг сўзларига кўра, яқин орада сайт бошқа компаниялар абонентларига ҳам хизмат кўрсата бошлайди, улар билан музокаралар ўтказилмоқда.

Бироқ асосийси бу эмас. Яқин ҳафталар ичида шунга ўхшаш, бироқ бутунлай бепул бўлган сервис Ягона интерактив давлат хизматлари порталида ишга тушади. Бу ерда ҳеч қандай пул тўламай туриб рўйхатдан ўтиш ва жарималарни кўриш мумкин. Агарда ҳайдовчи онлайн режимда ўзи содир этган қоидабузарликлар ҳақида маълумот олмоқчи бўлса, SMS-хабарномани ёқиши мумкин. Аммо у пулли бўлади, сабаби бу хизмат ИИВ томонидан эмас, балки оператор томонидан тақдим этилади.