Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин мамлакат жанубий чегараларидаги икки оролда жойлашган ҳарбий отрядларни кўздан кечириш учун келган вақтида Пхеньян Жанубий Кореяга ҳужум қилиш имкониятларини кўриб чиқиш кераклигини маълум қилган. Бу ҳақда Корея Марказий телеграф агентлигига асосланган ҳолда Ёнҳап агентлиги хабар тарқатди.

Ким Чен Ин Чанжэдо оролидаги кузатув пунктидан Йонпхёндо оролини кўздан кечирган. Унга Жанубий Корея қўғирчоқ душман кучларининг шимоли-ғарбий оролларига охирги жойлашуви ва Йонпхёндо оролидаги бўлинмаларнинг ҳолати ҳақидаги ҳисобот ўқиб эшиттирилган. Шундан сўнг у душман объектларининг янги гарнизонлари бўйлаб артиллерия зарбаси бериш режаси билан танишган ва йўл-йўриқ берган.

Унинг ташрифидан сўнг ҳарбийларга тўла жанговар ҳолатда туриш буюрилган.

«У (Ким Чен Ин) маълум қилдики, жанубий-ғарбий фронт чизиғида армиянинг артиллерия бўлинмалари душманнинг қанотини синдириш учун доимо шай бўлиб туриши керак», — дейилган хабарда.

29 апрелга ўтар кечаси Пхеньян навбатдаги баллистик ракета синовини ўтказди. ОАВ маълумотига кўра бу сафарги учириш муваффақиятсиз чиққан. Май ойи бошида Жанубий Корея АҚШнинг стратегик бомбардимончи самолётлари Корея ярим ороли устидан учиб ўтган. КХДРда бу парвозлар ядровий урушга туртки сифатида қабул қилинган.