Олий лиганинг 9-тури доирасида Наманганнинг «Навбаҳор» клуби ўз майдонида Тошкентнинг «Локомотив» жамоасини қабул қилди.

Биринчи бўлимда мухлислар учта голга гувоҳ бўлишди. 16-дақиқада бурчак тўпидан сўнг, Дилшод Жабборов рақиб жарима майдонидаги пала-партишликдан унумли фойдаланди ва ҳисобни очди. Аммо, орадан 7 дақиқа ўтгач, Сардор Мирзаев ўнг қанотдан оширилган тўпни боши билан Аманов қўриқлаган дарвозага жойлашга муваффақ бўлди - 1:1.

Бўлим охирига келиб, меҳмонлар ҳисобда олдинга ўтиб олишди. «Локомотив» тўпурари Марат Бикмаев жамоасининг иккинчи голига муаллифлик қилди - 1:2.

Иккинчи бўлим бошида мезбонлар тезкор гол уришди. Азиз Турғунбоев рақибдан тўпни олиб қўйгач Икромов билан деярли бирга-бир вазиятга чиқди ва ҳисобни тенглаштирди. 

Шундан сўнг учрашув охиригача ҳар икки жамоа эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилишгани боис дарвозалар олдида голга тортадиган холатлар кўп кузатилмади.

Шу тариқа, «Навбаҳор» Ўзбекистон чемпионатининг жорий мавсумида ўз майдонида бешинчи учрашувни ўтказиб, 3 ғалаба ва 2 дуранг қайд этган ҳолда мағлубиятсиз серияни давом эттирди.

Эндиликда, 8та ўйинда 19 очко олган «Локомотив» турнир жадвалида пешқадамликни давом эттирмоқда. «Навбаҳор» ҳисобида эса 15 очко бор. Илҳом Мўъминжонов шогирдлари учинчи ўринда жойлашган.

Олий лига, 9-тур
«Навбаҳор» - «Локомотив» — 2:2
Голлар: Дилшод Жабборов (16), Азиз Турғунбоев (47) - Сардор Мирзаев (24), Марат Бикмаев (42)
«Навбаҳор»: 30. Асилбек Аманов, 2. Алишер Саматов (Мансур Саидов, 70), 3. Ҳасанбой Эргашев (Аббос Отахонов, 46), 5. Ғиёсжон Комилов, 7. Ойбек Қиличев, 9. Дилшод Жабборов (С), 19. Мирзоҳид Ғофуров, 21. Аъзам Алиев, 32. Жаҳонгир Меҳмонов, 77. Азизбек Турғунбоев (Алишер Мирзаев, 89), 84. Неманья Йованович.
«Локомотив»: 12. Маъмур Икромов, 9. Икром Алибоев (Кахи Махарадзе, 71), 10. Марат Бикмаев (Диёр Туропов, 68), 15. Сардор Мирзаев, 20. Ислом Тўхтахўжаев (С), 22. Мурод Бобожонов, 28. Шуҳрат Муҳаммадиев, 29. Қувондик Рўзиев (Саламат Қутибоев, 87), 33. Олег Зотеев, 42. Мухаммад Коне, 99. Жалолиддин Машарипов.