Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 27 апрелдаги №246-сонли қарори билан меҳнат шароитларини давлат экспертизасидан ўтказиш тартиби ҳақидаги Низом тасдиқланди.

Меҳнат шароитларини давлат экспертизасидан ўтказиш қуйидаги баҳолашларни амалга ошириш мақсадида ташкиллаштирилади:

1. Меҳнат шароитлари бўйича ишчи ўринларнинг аттестациядан ўтказилиш сифати (экспертизанинг бу тури 25 календар кунидан ошмайдиган муддатда ўтказилади);
2. Зарарли ва (ёки) хавфли меҳнат шароитларидаги иш учун ишчиларга кафолатлар ва компенсациялар тақдим этилишининг тўғрилиги (ўтказишнинг максимал муддати — 20 кун);
3. Ишчилар ҳақиқий меҳнат шароитларини (муддат – 20 иш куни).

Бу ҳолатда давлат экспертизаси қуйидаги тартибда амалга оширилади:

- Умумий ишчилари сони 100 кишидан кам бўлган ташкилотлар бўйича — Меҳнат вазирлигининг ҳудудий органлари давлат экспертлари томонидан;
- Умумий ишчилари сони 100 ва ундан ортиқ киши бўлган ташкилотлар бўйича — Меҳнат вазирлигининг давлат экспертлари томонидан.

Экспертиза ўтказиш мобайнида қуйидаги 5 асосий мезон (экспертиза объектлари) баҳоланади:

- ишлаб чиқариш муҳити ва меҳнат жараёнлари омиллари, ишчи ўринларнинг жароҳат етказиш хавфи;
- ишчиларнинг индивидуал ҳимоя воситалари билан таъминланганлиги;
- меҳнат шароитлари бўйича ишчи ўринларнинг аттестация натижалари ва хулосалари меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқлиги;
- оғир меҳнат, зарарли ва (ёки) хавфли меҳнат шароитлари учун меҳнаткашларга тақдим этилаётган кафолатлар ва компенсацияларнинг ўрнатилган меҳнат муҳофазаси талабларига мувофиқлиги;
- меҳнат шароитларининг ишчи ўринлардаги ҳақиқий ҳолати.

Экспертиза аттестациядан ўтказувчи ташкилотларнинг мурожаатларига кўра, шунингдек, иш берувчилар, иш берувчилар бирлашмалари, касаба уюшмалари ҳамда ишчиларнинг талабига кўра ҳам ўтказилади. Алоҳида ҳолатларда у давлат назорати органларининг, шунингдек, судлар ва Меҳнат вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий бошқармалари мурожаатига кўра ўтказилиши мумкин.

1-турдаги давлат экспертизаси учун ҳақ олинади. Унинг суммаси Меҳнат вазирлиги томонидан, хизмат кўрсатиш учун аниқ харажатларни ҳисобга олиб, бир ишчи ўрни учун энг кам иш ҳақининг 25 фоизи миқдорида белгиланади. Давлат назорати органлари ёки судларнинг мурожаати билан ўтказилувчи 2- ва 3-турдаги экспертизалар бепул ташкил қилинади.

Давлат экспертизаси хулосалари қатъий ҳисоб олиб бориладиган, тегишли серия, рақам ва ҳимоя даражаларига эга бўлган махсус бланкаларда расмийлаштирилади. Уни Меҳнат вазирлиги бьуюртмасига кўра марказлашган ҳолда «Давлат белгиси» ДИЧБ тайёрлаб беради.

Низом 1 май куни эълон қилинган ва 3 ойдан сўнг кучга киради.

Ҳужжатнинг тўлиқ матни, шарҳи ва унга боғлиқ бошқа қонунчилик ҳужжатларига ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.

Олег Заманов,
Norma.uz эксперти.