2017 йилнинг 27 апрель куни Ташқи меҳнат миграцияси масалалари бўйича агентликда Агентлик бошлиғи вазифасини вақтинчалик бажарувчи Х.Асамовнинг Санкт-Петербург давлат мухтор муассасаси “Меҳнат ресурслари маркази” делегацияси билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашув давомида Санкт-Петербургдаги муассаса директори А.Чистяков Санкт-Петербург ҳукумати Агентлик билан Ўзбекистон фуқароларининг РФда қонуний тартибда меҳнат фаолиятини олиб бориш бўйича ҳамкорликка тайёр эканини тасдиқлади.

Х.Асамов Агентлик ўн беш йил давомида Жанубий Корея, Япония, Россия ва Польша каби давлатлар билан ҳамкорлик қилаётгани ҳақида айтиб ўтди. Унинг хабар қилишича, Агентлик ишчиларни хорижга чиқишдан аввал тайёрлайди, мамлакатда касбга ўқитиш бўйича марказлар бор.

Агентлик раҳбарининг сўзларига кўра, мигрантларнинг молиявий масалаларини ҳал қилиш бўйича банк тузилмалари билан иш олиб борилмоқда, бунда мигрантнинг валюта пластик картасига эга бўлиши масаласи ҳал этилиши мумкин.

Учрашув давомида Миграция агентлиги ва “Меҳнат ресурслари маркази” ўртасида Битим имзоланиши ҳақидаги ғоя тасдиқланди. Унга кўра, Ўзбекистон фуқароларининг Россия ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолиятини олиб боришга ташкилий ёллаш ва жалб этиш белгилаб қўйилади.